Қорақалпоғистонлик талабалар Германияда амалиёт ва ёзги ўқув дастурида иштирок этади

02.02.2021 13:53

БEРЛ?Н, 2 февраль. / «Дунё» АА /. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси кўмагида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Германиянинг ««Praktikum4People» ташкилоти вакиллари ўртасида онлайн- конференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистонлик талабалар учун туризм, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда Германия компанияларида профессионал амалиёт ва ёзги ўқув дастурини ташкил этиш муҳокамаларнинг асосий йўналишини ташкил қилди.

«Praktikum4People» ташкилоти Германияга чет эллик талабаларни профессионал амалиёт ва ёзги ўқув дастури учун жалб қилишга ихтисослашган. 2018-2020 йилларда ташкилот ушбу мақсадлар доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан Германияга 1,7 мингдан зиёд талабани жалб қилди ва  иштирокчиларга  муваффақиятли амалиётни ўтагани  юзасидан тегишли сертификатлар берилди.

Айни пайтда мазкур ташкилот Тошкент давлат аграр университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд ветеринария тиббиёт институти каби олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. «Praktikum4People»нинг 2019-2020 йиллардаги лойиҳалари доирасида 120 нафардан зиёд ўзбекистонлик талаба Германияда амалиёт ўтади.

Тадбир давомида Қорақалпоқ давлат университетида кўп қиррали ўқитиш тизими, немис тилини ўрганиш ва Ўзбекистондаги Гёте институти билан ўзаро алоқалар бўйича ташкил этилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, германиялик шерикларга Ўзбекистон Президентининг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони асосида амалга оширилган таълим соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида ахборот берилди.

Ўз навбатида, «Praktikum4People» ташкилоти ижрочи директори Хайк Витхоп (Heike Wiethop) Ўзбекистонда иш жараёни билан биргаликда малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган дуал таълим тизимини жорий этиш режаларини мамнуният билан қайд этди.

Хайк Витхоп Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга ва ўзбекистонлик ёшларни узоқ муддатли истиқболда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлади.

У «Praktikum4People» томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Немис ташкилоти раҳбарига кўра, ўзбек талабалари Германиянинг етакчи компанияларида 6-12 ойлик профессионал амалиётларда ёки 90 кунгача ёзги ўқув дастуриларида иштирок этиши мумкин.

Келгусида, шунингдек, дуал олий таълим асосида Германияда Ўзбекистон ёшларини турли мутахассисликлар бўйича ўқитишни ташкил этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net