ТОШКЕНТ, 13 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12 февралда «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини оширишга қаратилган “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Халқаро инновация марказининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кўргазмали тажриба-синов майдонларини ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон захира, шунингдек, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудидаги ўрмон фондидан ер майдонлари ажратилади.
Нукус шаҳар Марказий бозоридан Нукус туманидаги Халқаро инновация маркази ҳудудигача бўлган йўналишда мунтазам жамоат транспорти қатнови ташкил этилади.
Маълумот учун, Халқаро инновация маркази томонидан “Мўйноқ” ва “Саманбай” тажриба-синов майдонлари ташкил этилган, шўрланиш, қурғоқчиликка чидамли чўл ҳамда манзарали ўсимликлар генофонди шакллантирилиб, 13 турдаги ўсимликни етиштириш синовдан ўтказилмоқда.