Пойтахтимизда ШҲТ ҳудудлари форумининг биринчи куни якунига етди

04.08.2022 12:19

Тошкент шаҳрида ШҲТ мамлакатлари ҳудудлари раҳбарлари форумининг биринчи куни ўз ниҳоясига етди.

Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги доирасида ўтказилаётган мазкур тадбир вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари ҳамда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон делегация раҳбарлари иштирокидаги ялпи мажлис билан очилди.

– Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш бугунги форумнинг асосий мақсадидир, – деди мамлакатимиз инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Анжуманда Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси ўтган йилда 24 фоизга ўсгани ва бу ижобий динамикани сақлаб қолиш учун ташкилот доирасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

 

Қолаверса, Самарқандда ташкил этилаётган “Ўзбекистон – ШҲТ” саноат зонаси ташкилот доирасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун самарали платформа бўлиши қайд этилди. Шунингдек, саноат зонаси имкониятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун мазкур ҳудудда “ШҲТ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш” марказини яратиш таклиф қилинди.

Дарвоқе, марказнинг асосий вазифаси саноат, инфратузилмавий, хом ашё ва инсон ресурсларини сафарбар этишдан иборат бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, экологик, соғломлаштириш, зиёрат туризми ва бошқа соҳалар бўйича муносабатларни кенгайтиришга доир аниқ таклифлар ҳам илгари сурилди.

ШҲТга аъзо давлатлар делегация раҳбарлари ўз маърузаларида юртимизнинг ташкилотга самарали раислик қилаётганлиги таъкидланиб, ҳудудлар ўртасидаги ушбу мулоқот платформаси доирасида муносабатларни янада кенгайтириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Форум давомида “ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудлари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш”, “ШҲТ мамлакатлари ҳудудлари ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш”, “ШҲТ мамлакатлари ҳудудлари ўртасида туризмни ривожлантириш” мавзуларида панел сессиялари ҳам ташкил қилинди.

Мазкур панел мунозараларида иштирокчилар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича қўшма юқори технологик лойиҳалар, қишлоқ хўжалиги соҳасида, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда инновацион технологияларни жорий этиш, шунингдек, туризм ва транспорт логистикаси соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратишди.

Улуғбек Маҳмирзаев, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net