Покистон нашрларида халқаро экспертнинг “Бобур: ноёб стратегик ғоялар муаллифи” мақоласи чоп этилди

11.08.2020 11:21

?СЛОМОБОД, 11 август. /«Дунё» АА/. Покистоннинг «National Herald Tribune» ва «Daily Islamabad Post» ахборот агентликлари сайтида ҳамда Глобал ва стратегик тадқиқотлар таҳлилий марказининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида халқаро муносабатлар бўйича мутахассис, доктор Маҳмуд ул-Ҳасан Хоннинг «Бобур: ноёб стратегик ғоялар муаллифи» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.

Муаллиф мақолада Заҳириддин Муҳаммад Бобур 400 йилдан ортиқ вақт давомида ҳукмронлик қилган Шарқ тарихидаги энг қудратли империялардан бири асосчиси эканини таъкидлайди. Уни Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк давлат арбоби, ватанига содиқ фарзанд, йўлбошчи ва қатъиятли инсон дея таърифлайди.

Бобур Ўзбекистон тарихида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, буюк мутафаккир Алишер Навоий каби таниқли давлат арбоблари ва саркардалар билан бир қаторда тилга олинади.

Муаллиф Бобур туғма етакчи ва ҳарбий раҳбар бўлганини таъкидлайди. Унинг ҳаёти курашларга ва саргузаштларга тўла бўлгани ҳақида фикр билдиради.

“У шундай кучли иродага эга эдики, ҳар қандай қийинчилик олдида ҳам ўз ишончини йўқотмаган. У имконсиз нарсадан устун келиш бобида ҳам тенгсиз эди. Бобур душманларга қарши курашларда кўп бор жанг санъати усуллари ва стратегияларининг моҳир устаси эканини кўрсата олган”, дейилади мақолада.

Покистонлик экспертнинг қайд этишича, тарихчи Стивен Дейл ўзининг илмий изланишлари хулосаси сифатида Бобурни жасорат, ижтимоий қулайлик ва табиий гўзалликнинг нозик тушунчаларига эга шахс бўлганини таъкидлади.

Хусусан, Стивен Дейл таъбири билан айтганда, “Бобур мард, олижаноб ва ўз Ватанига содиқ, имонли инсон эди”. У «Худонинг хоҳишисиз ҳеч нарса бўлмайди», дер эди.

Бобур нафақат кучли ва жасур саркарда, балки маданиятли ва етук билимга эга одам бўлган. Материалда Бобур ажойиб шеърлар битгани ва Марказий Осиё ҳамда Ҳиндистон маданияти, табиий тарихи ва географиясини яхши билгани алоҳида таъкидланган.

Европалик тарихчилар фикрига кўра, Бобур Кобулдаги ҳукмронлиги даврида амалга оширган солиқ ислоҳоти катта самара берган. У шаҳарнинг қадимий тарихида биринчи марта ички ва ташқи савдо учун турли бож тўловлари ва йиғимларини жорий этган. Бу орқали давлат ғазнасини мустаҳкамлашга эришади. Даромад солиғи бўйича тегишли тизим ҳам жорий қилади. Савдогарлар, тадбиркорлардан даромад солиғи ундиради. Бу даромадлар ва харажатлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаб, натижада жамиятда тенглик юзага келади.

«Катта маданий хилма-хиллик, корпоратив бошқарув ва барча миллатларга кўрсатилган тенг ҳурмат 12 йил давомида Кобулда Бобур ҳукмронлигининг белгиси бўлган», — деб ёзади Маҳмуд ул-Ҳасан Хон.

Бобур диний жиҳатдан ҳам бағрикенг эди. Ўз армиясида тенг ҳуқуқли шароитни таъминлай олгани шундан далолат. У этник гуруҳларга ҳам ана шундай муносабатда бўлган. Бобурнинг армияси турли миллат вакилларидан тузилган эди. Қўшин пуштун, араб, тожик, ўзбек ва ҳозирги Марказий Осиё ҳудудининг этник гуруҳларидан иборат эди.

Бобур «Бобурнома» асарини яратишга бўлган саъй-ҳаракатлари нафақат муаллифнинг шахсий ҳаётини тавсифлаш, балки халқлар тарихи, маданияти ва ҳаётини, унинг ҳукмронлиги остидаги турли ҳудудлар флора ва фаунасини ўрганиш учун қимматли манба ҳисобланади.

Мақола муаллифи асарнинг универсаллиги, кузатув, мантиқий ва мавзуларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда, кўплаб таҳлилчилар ҳамда таржимонлар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган «Бобурнома»ни энг машҳур автобиографик асарлар сирасидан деган хулосага келганини ҳақида маълумот беради.

“Бобурнома” Марказий, Ғарбий ва Жануби-шарқий Осиёнинг 25 дан ортиқ мамлакатидаги мактабларда дарсликларнинг бир қисмидир. Бобур ўз асарида кураш сиёсати, стратегияси ва тактикасини тавсифлайди. У ҳақиқатан ҳам ақлий жиҳатдан етук ва кўп қиррали бўлган. Шубҳасиз, Бобур ноёб фазилатлар уйғунлиги билан ўзбек заминининг ҳақиқий ўғли эди”, дея хулоса қилади покистонлик эксперт.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net