Покистон Бош вазири маслаҳатчиси бошчилигидаги делегация азим Самарқандни зиёрат қилди

04.02.2021 16:25

САМАРҚАНД, 4 февраль. /«Дунё» АА/. Покистон Бош вазири маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манбасига асосланиб.

Ташриф давомида Покистон делегацияси Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билан учрашув ўтказилди.

Тадбирда икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Покистон делегацияси учун дастлаб Самарқанднинг инвестицион жозибадорлиги, туризм салоҳияти, тиббиёт ва фармацевтика йўналишидаги имкониятларига доир тақдимот ўтказилди. Меҳмонларга бугунги кунда Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган чет эллик талабалар, хусусан, 130 нафар покистонлик йигит-қиз учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.  Жумладан, Покистондан яна 120 нафар талаба ва 10 нафар профессор-ўқитувчи Самарқандга ташриф буюриши ҳам маълум қилинди.

Ташриф асносида меҳмонлар ?мом Бухорийнинг ҳаёти, унинг ҳадис илмига қўшган буюк маънавий мероси билан яқиндан танишиш мақсадида улуғ муҳаддис қабрини зиёрат қилди ҳамда халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди. 

Делегация вакиллари ?мом Бухорий меросига Покистонда ҳам катта қизиқиш билан қаралиши, хусусан, буюк ўзбек алломалари номи билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш ҳар бир инсоннинг энг катта орзуларидан бири эканини таъкидлади.

Меҳмонлар икки томонлама  алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритар экан, зиёрат туризмни ривожлантиришга доир  биргаликдаги саъй-ҳаракатлар юксак самара беришини қайд этди. 

Покистон делегацияси, шунингдек, азим Самарқанднинг бошқа диққатга сазовор жойларини ҳам зиёрат қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net