Пандемиянинг Марказий Осиёга таъсирини ўрганиш масалаларига бағишланган халқаро конференцияда Ташқи ишлар вазири ўринбосари ?лҳом Неъм

16.09.2020 16:47

ТОШКЕНТ, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Пандемиянинг Марказий Осиёга таъсири: илк сабоқлар, коронаинқироз ва ўзгариш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий видеоконференция ўз ишини давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари ?лҳом Неъматов “Пандемия шароитида Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар” мавзусида маъруза қилди.

Қуйида ушбу маъруза матни келтирилади.

– Ҳурматли Содиқ Солиҳович,

Ҳурматли бугунги анжуман иштирокчилари,

Аввалам бор бугунги ўта муҳим масалага бағишланган конференция ташкилотчиларига Т?В номидан миннатдорлик билдираман.

Албатта, ушбу тадбир пандемия шароитининг минтақамиз давлатларига жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини юмшатиш ҳамда салбий таъсирини бартараф қилиш борасидаги муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга оширишга, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш ва уни бойитишга тегишли ҳисса қўшади, деб ўйлайман.

Марказий Осиё минтақаси географик жиҳатдан жуда муҳим стратегик ҳудудда жойлашган бўлиб, минтақа жаҳоннинг йирик давлатлари ташқи сиёсатида геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамиятга эга.

Ушбу муҳим сиёсий омилдан келиб чиқиб, ҳамда охирги йилларда қўшни давлатлар билан алоқаларимизда вужудга келган кескин вазиятни юмшатиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида, Муҳтарам президентимиз яқин қўшнилар билан алоқаларимизни ҳар томонлама ривожлантиришни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши, деб белгиладилар.

Шу асосда кейинги уч ярим йил давомида олиб борилган очиқ, прагматик ва дўстона ташқи сиёсат туфайли барча қўшни мамлакатлар билан икки ва кўп томонлама юқори даражадаги учрашувлар ўтказилди ва муҳим битимлар имзоланди.

Натижада, тарихан ўта қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг барча қўшни давлатлар билан алоқаларида мисли кўрилмаган, вақт ва ҳажм жиҳатидан солиштириб бўлмайдиган ижобий ўзгаришлар юз берди.

Бундай ўзгаришлар, ўз ўрнида, давлат раҳбарлари орасида сиёсий мулоқотни фаоллаштиришга ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга олиб келди. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлиги жадаллашиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми тез суръатлар билан ўсиши кузатилди.

Ўзаро манфаатли бўлган глобал масалалар бўйича, жумладан, хавфсизлик, иқтисодиёт, маданият ва экология соҳаларига оид бир қатор муҳим қарор ва келишувларга эришилди.

Минг афсуски, бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси Марказий Осиё халқларига ҳамда минтақа мамлакатларининг ўзаро алоқаларига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

Натижада олдиндан белгилаб қўйилган тадбирлар ва юқори даражадаги ташрифларни ҳам бошқа муддатларга кўчиришга тўғри келмоқда.

Шунингдек, коронавирус тарқалиши хавфини олдини олиш мақсадида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегаралар ёпилганлиги туфайли ҳаво ва йўл транспортлари ҳамда минтақа аҳолиси, айниқса чегара олди аҳолисининг ҳаракатларида муайян қийинчиликлар вужудга келди.

Лекин, шуни таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимизнинг кейинги йилларда Марказий Осий давлатларига нисбатан олиб борган очиқ, яқин қўшничилик сиёсатлари натижасида минтақада дўстона вазият шаклланганлиги мана шу пандемия даврида ҳам яққол тасдиқланди.

Пандемия асоратларига қарши курашишда Марказий Осиё давлатлари яқин ҳамкорликда бўлишди. Вужудга келган муаммоларни, жумладан чегара пунктларидаги тирбандликлар, транспортлар ҳаракатлари, савдо-сотиқ масалалари ўзаро ҳурмат ҳамда кўп томонлама манфаатларни инобатга олган холда ҳал этилди.

Пандемия карантини бошлангандан бери Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан 22 марта телефон суҳбатлари ўтказиб, коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва пандемиянинг икки томонлама алоқаларимизга салбий таъсирига йўл қўймаслик масалаларини муҳокама қилдилар.

Ундан ташқари Бош вазирлар, Бош вазирлар ўринбосарлари, вазирлар ва уларнинг муовинлари даражасида онлайн режимида мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.

Натижада, пандемия инфекцияси билан боғлиқ бўлган карантин чекловларига қарамасдан шу йилнинг биринчи чораги якуни бўйича Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан савдо – сотиқ ҳамкорлигида ўтган йилга нисбатан пасайиш кузатилмади: Қозоғистон – 898,7 миллион, Қирғизистон – 220,6 миллион, Тожикистон – 153,9 миллион, Туркманистон – 160,0 миллион долларни ташкил қилди.

Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги дўстлик пандемия даврида бир-бирларига гуманитар ёрдам беришда ҳам яққол кўринди.

Донолар айтганидек, “дўст қийинчиликда кор келади”. Пандемия муаммоларининг бошиданоқ минтақа давлатлари бир-бирига ҳар томонлама ёрдам беришга киришди. Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга гуманитар ёрдам юборди. Ўз ўрнида қўшни давлатлар Сардоба сув омборида содир бўлган сув тошқини асоратларини бартараф қилишга ёрдам қўлларини чўздилар.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшниларга нисбатан олиб борган очиқ сиёсати туфайли минтақада вужудга келган соғлом сиёсий муҳит шундай оғир пандемия шароитида ҳам Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлади.         

Эътиборингиз учун раҳмат!

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net