Она тилимизнинг нуфузини оширайлик

06.08.2020 12:09

ТОШКЕНТ, 6 август. /«Дунё» АА/. Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги замон шароитида дунё мамлакатларининг ва минтақаларининг ўзаро мулоқот юритиши, турли халқларнинг маданият, анъана ва урф-одатлари бир-бирини бойитиш жараёнида тилнинг ўрни муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Сир эмас, кўплаб давлатларнинг ташқи сиёсий ташаббуслари доирасида тил борасида олиб бораётган сиёсати ўз мамлакатлари нуфузини халқаро майдонда кучайтиришга йўналтирилган.Бунга Германиянинг Гёте институти, К.Аденауэр ва Ф.Эберт жамғармалари, Буюк Британиянинг “Британия Кенгаши” (“British Council”), Франциянинг “Француз Альянси” (“Alliance Française”), ?спаниянинг Сервантес институти ва Корея Республикасининг хориждаги элчихоналари ҳузурида фаолият юритадиган таълим марказлари каби тузилмалар фаолиятини мисол қилиб келтириш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, давлат томонидан таъсис этилган мазкур муассасалар нафақат муайян ҳудуд ва минтақа, балки бутун дунё бўйлаб фаолият юритади. Масалан, Сервантес институтининг марказлари ер куррасининг 4 қитъаси, 50 дан ортиқ мамлакатда бор. Ушбу марказларда испан тили ўргатилади, испан ва Лотин Америкаси халқларининг маданияти кенг тарғиб қилинади. Натижада, бугунги кунда испан тили ўзининг тарқалиши нуқтаи назардан жаҳонда учинчи ўринни эгалламоқда. Айни пайтда ер куррасининг 425 миллион аҳолиси учун испан тили — она тили ҳисобланади. 125 миллион аҳоли эса ушбу тилдан  хорижий тил сифатида фойдаланади.Хуллас, халқаро муносабатларда ва турли миллатлар ўртасидаги мулоқотда муайян тил ва маданиятнинг таъсири нечоғли катта эканини ҳозирги глобал жараёнларда яққол кузатиш мумкин.

Сўнгги йилларда юртимизда она тилимизни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор унинг нафат юртимизда, балки хорижда ҳам  нуфузи ва мавқеини оширишга  бевосита ўз таъсирини кўрсатаётгани қувонарлидир.

2019 йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.

Эътиборлиси, бу режаларни ҳаётга амалда тадбиқ қилиш мақсадида алоҳида тузилма – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилиниб, унга давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги муҳим вазифалар қаторида халқаро ҳамкорлик жараёнларини мувофиқлаштириш функцияси ҳам юклатилди.

Энг асосийси, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ҳар бир ишнинг бажарилишида зарур омил бўлган молиявий манба билан таъминланди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари томонидан хорижда она тилимизни тарғиб қилиш бўйича муайян ишлар амалга ошириб келинган. Бироқ тан олиш керак-ки, шу пайтга қадар халқаро миқёсда тил сиёсатини илгари суриш бўйича мувофиқлаштириш масаласига етарлича эътибор берилмаган. Хусусан, ўзбек тилининг хорижда нуфузини оширишдаги саъй-ҳаракатлар учун зарур манбалар (тегишли адабиёт, ўзбек тили дарсликлари, электрон дастурлар ва ҳоказо) билан таъминланмагани сабаб бу йўналишдаги ишларнинг самарадорлиги  сезилмаган.

Шу ўринда бир мулоҳазамни айтиб ўтсам. Тилшуносларимизнинг таъкидлашларича, жаҳон тилларининг жуда кўпи мукаммаллик даражаси ва матнни илмий қайта ишлаш имконияти билан фарқ қилувчи ўз миллий тил корпусига эга. ?нглиз тилида яратилган Браун корпуси, Ланкастер-Осло/Берген (ЛОБ) корпуси, Лондон-Лунд корпуси, Лексикографик тадқиқотлар учун Америка мерос корпуси, Ланкастер инглиз тили сўзлашув корпуси, диахроник корпус саналган ?нглиз матнларининг Хельсинки корпуси, Америка миллий корпуси каби машҳур корпусларнинг мавжудлиги миллий ва давлат тили тараққиётида миллий корпуснинг аҳамияти ва ўрни нечоғлиқ муҳимлигини кўрсатади. Дунё тили саналган инглиз, испан, хитой, араб, француз, рус, немис тилларининг миллий корпусидан ташқари поляк, поляк-украин, чех, словак, серб, хорват босния, болгар, болгар-рус, македон, шотланд, нидерланд, нидерланд-француз, швед, баман, эсперанто каби бир қатор тилларнинг ўз корпуслари мавжуд. Ҳозирги кунда дунё компьютер лингвистикасида миллий тил корпусининг мавжудлигига тилнинг яшовчанлик ва компьютер тилига айланиш мезони сифатида қаралмоқда.

Ўзбек тили дунёнинг ривожланган тиллари қаторида туради. Афсуски, тилимизнинг ички имкониятлари ахборот технологиялари тизимида етарли даражада ишга солинмаяпти. Юртимизда ўзбек тили корпусларини яратиш ишларини қониқарли деб бўлмайди. Бу она тилимизнинг ахборот технологиялари тили сифатида, шунингдек, миллий корпус шаклида глобал корпуслар тўрига уланиб, жаҳонга чиқишига монелик қиляпти.Бу соҳадаги илмий тадқиқот ишлари ўзбек корпус лингвистикасининг назарий асосларини ишлаб чиқиш, намуна сифатида бир-икки корпус лавҳаси яратиш босқичида турибди, холос. Ўзбекистонда амалий тилшуносликнинг бир йўналиши саналган ўзбек корпус лингвистикасини ривожлантириш уни илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш, компьютер ва корпус лингвистикаси маркази ёки лабораториясини ташкил қилиш ҳамда унга мутахассисларни бириктириш орқали амалга ошиши мумкин. Бу борадаги эзгу ниятларимиз рўёбга чиқишида тилшуносларимизга ҳар бир юртдошимиз кўмак бериши зарур, деб биламан.

Тўғри, айни пайтгача ўзбек тилининг тарихи, бугунги кундаги мавқеи ва нуфузини ошириш борасида қатъий қадамлар қўйилди.  Албатта, мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар жуда кўп. Бироқ, мақсадга етиш, аниқ натижаларга эришиш учун турли соҳа мутахассисларининг салоҳиятини, ҳоҳ у тилшунос бўлсин, маданият ва санъат намоёндаси бўлсин, ахборот-коммуникация технологиялари муҳандис-дастурчиси бўлсин, бирлаштиришни тақозо этмоқда.

Шу ўринда, ўзбек тилининг хорижда нуфузини ошириш мақсадида  қуйидаги ташаббусларни илгари суриш лозим, деб ҳисоблаймиз:  

- ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитиш учун фойдаланувчилар тушунишига қулай бўлган қўлланмалар ва видеодарслар тайёрлаш ҳамда уларни энг оммабоп интернет сайтлари ва видео хостингларда жойлаштириш;

- онлайн платформада ўзбек тилидаги электрон ўқув қўлланмалар билан бир қаторда бошқа адабиётларни (луғатлар, содда тилда чоп этилган синфдан ташқари ўқиш китоблари ва ҳоказо) ўзида жам қилган кутубхона бўлимини ташкил қилиш. Бунда стационар компьютерларга мўлжалланган форматлар билан бирга “Android” ва “IOS” платформалари учун мобиль иловалар ишлаб чиқиш;

-  ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларга таржима қилиш ва етакчи электрон кутубхоналар платформаларига (шу жумладан, бепул асосда) жойлаштириш. Бунда китобларнинг “Android” ва “IOS” платформалари ва стационар компьютерда ўқишга қулай бўлган (“epub”, “mobi”) шаклда бўлишини таъминлаш;

- ўзбек киноларини хорижий тилларга таржима қилиш (ёки субтитр орқали) ва оммабоп видео хостингларда жойлаштириш;

- онлайн платформани илғор хорижий қидирув тизимлари (Google, Yandex ва бошқалар) орқали оммалаштириш;

- айрим хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Алишер Навоий номидаги институт ташкил қилиш ва шу даргоҳ (жумладан келажакда тузилиши мумкин бўлган унинг хориждаги ваколатхоналари) орқали ўзбек маданияти, урф-одати ва тилини дунёда тарғиб қилиш.

Мазкур саъй-ҳаракатлар ўзбек тилини ўрганиш ва бой маданиятимиз билан танишиш истагида бўлган чет эл фуқароларига имконият яратиши ва уларнинг сафини кенгайишига хизмат қилади.

Алишер Навоий ҳазратлари “Тилга эътиборсиз, элга эътиборсиз”, дея бежиз таъкидламаган. Она тилини севмаган, унинг қадрини англамаган инсон юрагида эл-юртга бўлган муҳаббат ҳам бўлмайди. Биз миллий тилимизни асраш ва уни ривожлантириш учун қанчалик ҳаракат қилсак, унинг дунё ҳамжамияти майдонидаги нуфузи ва пойдевори ҳам шунчалик мустаҳкамланиб боради.

 

Раҳматилла НАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси

 

Манба:«Янги Ўзбекистон» газетаси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net