Омбудсман Котибияти ҳамда жамоатчилик вакиллари жазони ижро этиш муассасаларида мониторинг олиб бормоқда

02.02.2021 13:49

ТОШКЕНТ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлисининг ?нсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жамоатчилик ва ОАВ вакиллари билан биргаликда қийноқларни олдини олиш бўйича жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларига старт берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Омбудсман матбуот хизмати маълум қилишича, Омбудсман ҳузуридаги Миллий превентив механизм доирасида фаолият олиб борувчи қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган эксперт гуруҳи томонидан 2019 йилдан буён мониторинглар ўтказиб келмоқда.

Бу орқали жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришиляпти.

Учрашувларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 4 минг нафардан ортиқ шахс билан жамоавий, 578 нафар шахс билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди.

Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қийноқларнинг олдини олишда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига мониторинг ташрифлари тизими йўлга қўйилиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида 29 январь куни Омбудсман ҳузурида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган эксперт гуруҳи Миллий превентив механизм доирасида 13 ва 7-сонли жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширди.

Эксперт гуруҳи ташрифида, шунингдек, Олий Мажлиснинг ?нсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги ?нсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши буйича комиссияси аъзолари ҳам иштирок этди.

Мониторинг доирасида Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам олиш шароитлари ҳамда муассасаларда санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолатлари ўрганилди.

Тошкент вилоятидаги 13-сонли жазони ижро этиш муассасаси ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган жами 14 та цех мавжуд.

Маҳкумларга ишбай асосда ҳақ тўланмоқда. Кунлик нормани ошириб бажарганларга кўпроқ ва аксинча кам ишлаганларга камроқ кунлик маош ҳисобланади.

Маҳкумлардан бири билан суҳбатлашилганда, у ҳафтада 6 кун ишлаши ва якшанба дам олиш куни ортиқча мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигини, иш ҳақи  900 мингдан 1 миллион сўмгача эканини билдирди.

Маҳкумларнинг узоқ муддатли оилавий учрашувлари учун қулайликларга эга 16 та хона ажратилган. Колонияда 5 та телефон ўрнатилган бўлиб, график асосида маҳкумлар 10 дақиқагача оила аъзолари  билан пуллик асосда гаплашиши мумкин. 13-сонли жазони ижро этиш муассасаси масъулларининг сўзларига кўра, яқин кунларда маҳкумлар учун онлайн видеомулоқот шаклидаги учрашувларни ташкил этиш имконияти ўрганилмоқда.

Қийноқларни олдини олиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида муассасага 80 та кузатув камераси ўрнатилган. Яна 640 дан ортиқ нуқталарга видеокузатув мосламалари ўрнатилиши режалаштирилган.

Мониторинг доирасида жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган эксперт гуруҳи аъзолари томонидан муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибдаги учрашувлар ўтказилди.

Шунингдек, ташриф давомида эксперт гуруҳи аъзолари 2009 йилдан буён хизмат кўрсатувчи “Atlantic” реабилитация марказида ҳам бўлиб, бу ерда маҳкумларга яратилган шароитлар билан танишди.

— Бир вақтлар “Жаслиқ” қамоқхонасида уйдирма айбловлар билан жазо муддатини ўтаб чиққанман, — деди эксперт гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Ҳуқуқий таянч жамоат бирлашмаси раиси Аъзамжон Фармонов. — Омбудсман ҳузуридаги комиссия аъзолари таркибида мени ҳам борлигим - бу жуда бир катта воқеадир. Сабаби жазо комиссия аъзолари менчалик ҳақиқий аҳволни ҳис қилмаса керак, деб ўйлайман. Мен 13 ва 7 сонли жазони ижро этиш муассасаларига бўлдим ва бу ердаги маҳкумларнинг яшаш шароитлари ва кун тартиблари билан танишиб чиқдим. Айрим маҳкумлар билан юзма-юз гаплашиш имкониятига эга бўлдим. Бу ердаги шароит ҳақиқатда, бундан 3-4 йил олдинги вақтларга нисбатан кескин фарқ қилади. Уларни яшаш шароитлари яхшиланган ҳамда уларга турли хил касб эгаллаш билан боғлиқ имкониятлар тақдим қилинган. Мен жазони ижро этиш жойида асосий эътибор берган нарса - бу  руҳий ва жисмоний қийноқлар қай ҳолатда? Бугунги кунда бирор бир маҳкумдан руҳий ёки жисмоний қийноқлар ҳақида эшитмадим.

Таъкидлаш жоизки, маҳкумлар ўзига нисбатан тазйиқ ёки бошқа ноқонуний ҳолат бўйича ўз вақтида мурожаат қила олишлари учун ҳар бир жазони ижро этиш муассасаларида “Омбудсман қутиси” ўрнатилган бўлиб, уни фақат Омбудсман вакиллари очиш ҳуқуқига эга.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли муассасалар раҳбарларига зарурий тавсиялар берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net