Олий Мажлис қуйи палатасида ўтказилган анжуманда парламент дипломатияси ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашилди

24.12.2020 14:36

ТОШКЕНТ, 24 декабрь. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш: парламентда халқаро ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошқарди.

Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда Олий Мажлис палаталари БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ каби нуфузли халқаро ҳамда қатор хорижий давлатлар ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Миллий миқёсда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали механизмларни парламент амалиётига жорий қилиб бориш депутатлар фаолиятининг диққат марказидаги масалаларга айланган ва бунда қуйи палатанинг халқаро ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайган.

Олий Мажлис қисқа вақт ичида Парламентлараро ?ттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламентлараро ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси каби қатор нуфузли халқаро парламентлараро тузилмаларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланган, дунёнинг 48 та давлатлари парламентлари ва Европа ?ттифоқи парламенти билан ўзаро икки томонлама алоқаларни ўрнатган. Бу алоқаларнинг муваффақиятли амалга оширилишида дипломатик ваколатхоналар кўмак бериб келмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси қабул қилинганлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб, ушбу механизмни келгусида самарали қўллаш ва янада ривожлантириш истиқболларига оид фикрлар билдирилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур Концепцияда парламент дипломатиясининг мақсади, вазифалари ва принциплари, шунингдек, Ўзбекистонда парламент дипломатиясининг шаклланишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, уни амалга ошириш механизмлар акс эттирилган. Парламент дипломатияси хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий пойдеворини яратишда, миллий қонунчиликни халқаро ҳамкорлик талаб-тамойиллари билан уйғунлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимиз Конституциясидаги асосий тамойилларни ўзида мужассам этган парламент дипломатияси дунё мамлакатлари орасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни шакллантиришда муҳим ўрин тутишини, муаммоларни ҳал қилиш, можароларнинг олдини олиш, халқаро ҳамкорликнинг хуқуқий асосларини шакллантиришда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Видеоконференция якунида парламентнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш йўлида эришилган натижалар, унинг истиқболлари бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, келгуси йилларда муваффақиятли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net