Олий Мажлис Қонунчилик палатаси: Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари ёрдамида коронавирус панд

25.12.2020 13:40

ТОШКЕНТ, 25 декабрь. /“Дунё” АА/.  Парламент қуйи палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан тегишли қонун билан тасдиқланган Консуллик уставининг ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбири якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда жамиятимизнинг турли жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар тобора чуқурлашаётган ҳозирги муҳим паллада хорижий мамлакатлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва юқори босқичга кўтариш мамлакатимиз учун нафақат амалий, балки стратегик аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ана шу жараёнда хорижий мамлакатларда Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи консуллик муассасаларининг муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Консуллик муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи асосий ҳужжат бу Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави ҳисобланади. У Президентнинг топшириғи асосида 2019 йил 17 январда янги таҳририа қабул қилинган бўлиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда шаклланган амалиёт, хорижий тажриба ва халқаро ҳуқуқ нормаларини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилди.

Ҳужжат консуллик фаолиятини амалга оширишнинг, консуллик мансабдор шахслари ўз вақтида ҳар томонлама консуллик-ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш орқали чет элда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича функцияларининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилайди.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Консуллик уставини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2019 йилда Россия Федерациясининг Ростов-Дон ва Хитой Халқ Республикасининг Гуанжоу шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхоналари таъсис этилган. 2020 йилнинг 1 январдан ҳозирги кунга қадар Ташқи ишлар вазирлигига 6 минг 500 дан ортиқ келиб тушган мурожаат кўриб чиқилиб, тушунтиришлар берилган ва тегишли амалий ёрдам кўрсатилган.

Авваламбор, хорижда шахсини тасдиқловчи ҳужжатини йўқотган ва моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларини республикага қайтариш, йўл-транспорт ҳодисалари, меҳнат фаолиятини олиб бориши жараёнида турли хил бахтсиз ҳодиса оқибатида жабр кўрган фуқароларни даволаш ҳамда уларга товон пули ундирилишида амалий ёрдам кўрсатиш, фуқароларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари ҳолисона ва адолатли кўриб чиқилишини назорат қилиш, шунингдек, вафот этган фуқаролар жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилиб келинмокда.

Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари ёрдамида коронавирус пандемияси даврида (2020 йил октябрь якуни) 379 265 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилган. Улардан 221 880 нафар чартер рейслар орқали, 37 416 нафар темир йўллар орқали ва 119 969 нафар фуқаролар Давлат чегара назорат ўтиш пункти орқали Ўзбекистонга қайтарилган.

Шу билан бирга, йиғилиш давомида Консуллик уставига белгиланган ижобий ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган айрим масалалар мавжудлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Жумладан, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзолари сайловчилар билан бевосита ва онлайн мулоқотлар давомида хорижий давлатларда фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикасининг консулликлари билан Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Қарор ва Фармонларнинг янада самаралироқ бажарилишига тўсқинлик қилаётган баъзи муаммо ва камчиликларга рўбарў келишмоқда.

Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси, шунингдек, “Консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш ҳамда консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганлигига қарамай амалиётга ҳалигача тадбиқ этилмаганлиги танқид остига олинди.

Бундан ташқари, Россия ва бошка мамлакатларда юртимизнинг меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериш буйича “онлайн” платформа ва “call-марказ” ташкил этиш, бунинг учун ушбу марказларни тузишда иштирок этадиган компаниялар билан музокаралар ўтказиш ҳамда тижорат таклифларини ўрганиш ишларини жадаллаштириш зарур.

Тадбир иштирокчилари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси юзасидан ишларни янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net