«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари: самарали натижалар ва одамлар онгу тафаккурини ўзгартиришдаги муҳим омил

10.05.2021 12:07

ТОШКЕНТ, 10 май. /«Дунё» АА/. Давлатимиз  раҳбари томонидан илгари сурилган «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларини ҳаётга тадбиқ этиш ташаббуси юртимиз ободончилигининг янги босқичини бошлаб берди.

Мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини изчил амалга ошириш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўналишларини самарали ҳаракатга келтиришда шаҳарлар қатори қишлоқ ҳуддудлари ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Маҳалла ва қишлоқ ҳудудлари салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, хусусан, қишлоқ аҳолисини тадбиркорликка жалб қилиш,  чекка ҳудудларда замонавий инфратузилмани шакллантириш ва пировард натижада аҳоли турмуш сифатини яхшилаш каби йўналишлар устувор вазифалар сирасига киради.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларида шаҳар ва қишлоқлар қурилиши, таъмирланишида республикамизнинг ўзига хос миллий меъморий қиёфасига катта этибор қаратилмоқда. Дастур доирасида уй-жойларни таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, ичимлик суви ва электр энергияси тармоқлари, маҳаллий ва ички йўлларни қуриш-таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Биргина 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастури доирасида республиканинг 159 та туманидаги 417 та қишлоқнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланди. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида улардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Масалан, Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги уй-жойлар ва инфратузилма объектлари хароб аҳволга келиб қолган Манас қишлоғида қисқа муддатда катта яратувчилик ишлари бажарилди. Атиги 1,5 ойда ушбу қишлоқ мутлақо замонавий қиёфани касб этди. Энг муҳими, қишлоқ аҳолисининг кайфияти, турмуш даражаси, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлди. Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Ховособод қишлоғи ҳам обод қилиниб, ҳавас қилса арзийдиган ҳудудга айлантирилди.

2019 йилда мамлакатимизнинг 1,6 миллион нафардан ортиқ аҳолиси истиқомат қиладиган 478 та қишлоқда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу мақсадда 4,8 триллион сўм миқдоридаги харажатлар сарфланди. Умумий узунлиги 5 минг 476 километрдан иборат минтақавий ички кўчалар таъмирланади ва реконструкция қилинди. Шунингдек, 36 мингдан ортиқ, умумий узунлиги 2 минг 458 километр келадиган кўчаларнинг тунги ёритиш тизими янгиланди, 21 та алоқа тизими яхшиланди. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларига мувофиқ, 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастури доирасида ҳар бир тумандаги 3 тадан маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилди. Натижада ушбу маҳаллаларнинг қиёфаси тубдан янгиланди. Энг муҳими, уларда истиқомат қилаётган аҳолининг яшаш шароитлари ўзгарди. Кўрилаётган тадбирлар қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи ва ҳаёт кечириш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар содир бўлишига қаратилган. Мазкур қишлоқларнинг қиёфасини замонавийлаштириш баробарида аҳоли учун юқори самара берадиган иш ўринларини яратиш ҳам кўзда тутилган.

 2018-2019 йиллар давомида ушбу дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароит яхшиланди.

2020 йилда коронавирус пандемияси «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросига бир қадар салбий таъсир кўрсатди. Аммо мамлакатимизда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши биланоқ ушбу дастурларни ҳаётга тадбиқ этиш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда қишлоқ ва маҳаллаларни янада обод ва файзли гўшага айлантириш ишларини жадаллаштиришга қаратилган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда  «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш самарадорлигини ошириш орқали ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтириш  вазифалари белгиланди.

Мазкур қарор 2021 йил — «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. 

Президентимиз қарорида, шунингдек, «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ёки «Туризм овули» каби маҳалла массивларини яратиш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳолини тоза ичимлик суви  билан таъминлаш, жойларда оқова сув хандақлари ва санитария иншоотларини  барпо этиш, электр таъминотини, жумладан, трансформаторлар ва яримстанциялар ҳолатини яхшилаш, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини модернизация қилиш, ижтимоий соҳа объектлари билан боғлиқ ва бошқа кўплаб тадбирлар амалга оширилади.

Қишлоқларга инфратузилма борган тақдирдагина ҳаёт каечириш  сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли, бу йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Бунда, ободончилик билан бир қаторда янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган. Жорий йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм йўналтирилади.

Яқинда  Президентимиз раҳбарлигида ушбу мавзуда ўтказилган йиғилишда  ҳам  «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини 2021 йилда амалга ошириш вазифалари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари дастурга қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилашини таъкидлади. Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектларининг манзилли дастурини тасдиқлайди. Қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъулдир.

 Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилмоқда.

Электр таъминотини яхшилаш долзарб эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис, 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланди. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтиралади.

Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда 485 миллиард сўм ҳажмидаги лойиҳалар бошланмоқда.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» доирасида нафақат кўчалар ва инфратузилма ҳолатини  яхшилаш, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши учун ҳам шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, «темир дафтар», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарларига киритилган юртдошларимизни иш билан таъминлаш орқали уларни ушбу рўйхатдан чиқариш вазифалари амалга ошириляпти.

 Дастурга кўра, тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш, «темир дафтар»га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилиб қўйилди. «Оилавий тадбиркорлик» дастурлари учун 9 триллион сўм миқдоридаги ресурс йўналтирилади, шунингдек, 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари аҳоли яшаш шароитини яхшилаш билан бирга одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартиришда муҳим омил бўлмоқда

Жобир Хўжақулов,

«Дунё» АА.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net