Нурмат Отабеков коронавирусдан даволанаётган бемор саломатлиги ҳақида маълумот берди

01.05.2020 19:36

ТОШКЕНТ, 1 май. /«Дунё» АА/.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков «Ўзбекистон-24» телеканали орқали мамлакатимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ сўнгги вазият ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекцияси аниқланган 2 минг 46 фуқаро рўйхатга олинган. Беморларнинг 1 минг 133 нафари, яъни 55,5 фоизи тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди, – деди Н.Отабеков. – Республика бўйича юқумли касалликлар шифохоналари ҳамда мослаштирилган шифохоналарда даволанаётган 904 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир. Ушбу беморларнинг барчаси тиббий назорат остига олинган. Жойлардаги беморларни даволаш жараёнида малакали мутахассис ва олимлар иштироки таъминланган. Вилоятлар ва Тошкент шаҳри билан телемулоқот, телемаслаҳатлашув тизими йўлга қўйилган. 

Ҳурматли юртдошлар! 

Карантин тадбирлари давом этяпти. Шахсий автомобилларда ҳаракатланишга, уй атрофида сайр қилишга рухсат берилди. Лекин сиз ўзингизда ва яқинларингизда шамоллаш белгиларини сезсангиз, тана ҳароратининг кўтарилиши, томоқ оғриғи, йўтал кузатилса, зинҳор кўчага чиқманг. Бошқаларга касалликни юқтириб қўйишдан ўзингизни сақланг. Зудлик билан телефон орқали тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг ва шифокорларни уйингизга чақиринг. 

Ўйлаймизки, сиз тавсияларимиз аҳамияти ва моҳиятини теран англамоқдасиз. Ушбу тавсияларга риоя қилиш орқали эпидемик вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшасиз, деган умиддамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net