Нурмат Отабеков: икки кун ичида коронавирус билан рўйхатга олинган беморлар сони яна ортди

11.05.2020 12:38

ТОШКЕНТ, 11 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ сўнгги янгиликлар юзасидан «Ўзбекистон-24» телеканалига берган интервьюсида қуйидагиларни қайд этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 2 минг 453 нафарга етди. Беморларни даволашда самарадорлик кузатиляпти. 10 май куни 35 фуқаро тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Шу тариқа 1 минг 881 нафар, яъни 78 фоиз бемор тўлиқ соғайди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 562 бемордан 6 нафарининг аҳволи оғир.

Шу ўринда маълумот учун айтиш жоиз, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият қўшни мамлакатларда ҳам сақланиб турибди. Хусусан, Қозоғистонда 5090, Қирғизистонда 1002, Тожикистонда 612 нафар фуқаро ушбу касалликка чалинган.

Ҳурматли юртдошлар!

Шуларни инобатга олиб, барчамиз ҳушёр бўлишимиз керак. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин тадбирлари давом этяпти. Карантин тадбирларини босқичма-босқич юмшатиш мақсадида ҳудудлар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга бўлинди. Аммо ҳеч ким қайсидир ҳудудда касаллик чиқмаслигига кафолат бера олмайди. Шундай экан, ҳар биримиз ўта синчков бўлайлик!

Аҳамият берган бўлсангиз, кейинги икки кун ичида коронавирус касаллиги билан янгидан рўйхатга олинган беморлар сони яна ортди. Барчамиз касалликнинг иккинчи тўлқинига дуч келмаслик ҳақида қайғуришимиз зарур.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net