Нидерландиялик халқаро кузатувчи: сайлов участкаларида барча жараён юқори даражада ташкил этилганига гувоҳ бўлдим

29.10.2021 11:06

АМСТЕРДАМ, 29 октябрь. /«Дунё» АА/. Нидерландиядаги «Agri food NL LTD» компанияси директори, халқаро кузатувчи Аҳмади Тоерижалаи «Дунё» АА учун берган шарҳида Ўзбекистон Президенти сайлови натижалари ҳақида тўхталди.

- 24 октябрь куни халқаро кузатувчи сифатида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бир нечта сайлов участкасида бўлдим.

Оддий фуқаролар ва сайлов комиссиялари аъзолари билан учрашувларимдан ижобий таассуротлар билан қайтдим. Сайлов участкаларида барча жараён юқори даражада - қулай, хавфсиз, белгиланган карантин чора-тадбирлари ва меъёрларига риоя этилган ҳолда ташкил этилганига гувоҳ бўлдим.

Европа давлатларида ўтказилган сайловларда ҳам қатнашганман. Чунончи, Европада ҳам, дунёнинг бошқа илғор мамлакатларида ҳам аҳолининг сайловда, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида бундай фаол иштирокини кўрмаганман.

Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қандай босимсиз сайловда фаол иштирок этди. Сайлов участкаларидан узоқда яшовчи фуқароларга махсус автобуслар,  беморларга мобиль овоз бериш нуқталари ташкил этилди.  Бир сўз билан айтганда, барча сайловчилар учун халқаро стандартларга мувофиқ тенг шарт-шароитлар яратилди.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга Президент этиб сайлангани билан чин қалбимдан табриклайман. Мамлакат тараққиёти ва фаровонлиги  йўлида барчангизга энг яхши тилакларимни йўллайман.

2017 йилдан бошлаб инвестор ва Ўзбекистондан Европа давлатларига экспортчи сифатида фаолият олиб бориш мен учун катта шарафдир. Ўзбекистон хорижий сармоядорлар ва тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратгани учун мамлакат раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net