Нидерландиялик бир гуруҳ олим, ёзувчи ва журналистлар Ўзбекистонга сафар қилади

10.08.2021 11:58

БРЮССЕЛЬ, 9 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Дилёр Ҳакимов кеча нидерландиялик таниқли маданият арбоби, ёзувчи, «Ўзбекистон - Буюк ипак йўли маржони» китоби муаллифи, «Han Tour» туризм компанияси раҳбари Бурхон Чарлак билан учрашув ўтказди, деб хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати, адабиёти, диний-маърифий ва маънавий меросини чуқур ўрганаётган Бурхон Чарлак республикага қилган саёҳатлари давомида халқимизнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги, бой маданияти, санъати, қадимий урф-одатлари, меъморчилик обидалари билан яқиндан танишган ва диёримизга меҳр қўйган, ўзбек тилини ўрганмоқда.

Б.Чарлак нидерландиялик тарихчи олим, ёзувчи ва журналистлар гуруҳининг жорий йил сентябрь ойида мамлакатимизга сафарини ташкил қилмоқда.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган мақолаларни Европа оммавий ахборот воситаларида нашр қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бурхон Чарлак мамлакатимизга ташрифидан сўнг гуруҳдаги ҳамкорлари билан биргаликда Ўзбекистон  мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб туркум мақолалар чоп этиш ва йилнинг ҳар чорагида нидерланд тилида мамлакатимиз ҳақида журнал нашр қилиш режалари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, у Амстердам шаҳридаги  метро бекатларидан бирини Тошкент метро бекатлари кўриниши (дизайни) асосида безаш учун нидерландиялик ҳамкорлар билан музокара олиб бораётганини маълум қилди.

Учрашувда ёзувчига «Ўзбек тили: хорижликлар учун интенсив курс» китоби тақдим қилинди. Шунингдек, йил якунига қадар Нидерландияда ўтказиладиган туризмга оид халқаро кўргазмаларда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини ҳамкорликда тақдим қилиш ҳамда Бурхан Чарлакнинг Ўзбекистонга сафари доирасида йирик маҳаллий сайёҳлик компанияларида учрашувлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net