Немис қаҳвахонаси – Бухорода: сайёҳларни ҳақиқий қаҳва ва тарихий шаҳарга бўлган муҳаббат бирлаштиради

06.07.2020 14:30

ТОШКEНТ, 6 июль. /«Дунё» АА/. «Usbekistan Online» ахборот портали (Мюнхен, Германия) ўз ўқувчиларини Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари билан таништиришда давом этяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда эълон қилинган навбатдаги мақола Бухоро шаҳридаги «Wishbone» – биринчи немис орзулари қаҳвахонаси фаолияти тўғрисида бўлди. Ушбу қаҳвахонани германиялик рассом ва веб-дизайнер Гертруде Шренк очган.

Маҳаллий нашрлардан бирида кечган суҳбатда ёш ишбилармон хоним ўз лойиҳаси ҳақида гапириб беради.

Гертруда Шренкнинг сўзларига кўра, унинг ўзбек нақшларига бўлган муҳаббати уни Бухорога, табиий қаҳвага бўлган муҳаббати эса қадимий шаҳарда биринчи қаҳвахона очишга ундаган. Гертруда Шренк сўнгги олти йилдан буён ушбу бизнес тури билан шуғулланиб келади.

Қаҳвахона Бухоронинг анъанавий нақшлари билан безатилган. Бундан ташқари, бу ерда немис филологияси факультети талабалари ташриф буюрадиган немис тили китоблари бурчаги ҳам бор. Бу ерда сайёҳлар нафақат қўлланма билан, балки шаҳар ёшлари билан ҳам ўз она тилларида суҳбатлашишлари мумкин.

«Wishbone» — Германиядаги дизайнерлик компаниямнинг номи бўлиб, «Орзулар тумори», “Омад тимсоли”, дея қараладиган қуш билан боғлиқ. Қаҳвахона эски Бухоро шаҳрида XVI асрда қурилган Абдуллахон тими – Савдо гумбазида, махсус микроиқлимга эга бинода жойлашган. Қаҳвахона ҳудуди анча катта, бу жойда барча меҳмонлар хушбўй қаҳва ичиб мароқли ҳордиқ чиқаришлари мумкин.

Шаҳарнинг улкан сайёҳлик имкониятларини инобатга олган ҳолда, немис қаҳвахонасининг асосчиси ва эгаси Бухорода ўз бизнесининг узоқ муддатли муваффақиятига ишонади.

«Шаҳар таржимонлари ва меҳмонлари доимий мижозимизга айланишди. Мазкур қаҳвахона менинг севимли жойим. Бу ерда инсон  руҳи ором олади. Пул эса ҳаётдаги мақсад эмас. «Wishbone»га дунёдан машҳур одамлар — санъаткорлар, ёзувчилар, ишбилармонлар келади. Улар билан мулоқот қилиш менга катта завқ бағишлайди. Уларни ҳақиқий қаҳва ва тарихий Бухорога бўлган муҳаббат бирлаштиради. Бу мен учун энг муҳим жиҳат», дейди германиялик тадбиркор.

Гертруде Шренк келгусида Ўзбекистондаги фаолиятини янада  кенгайтириш, Самарқандда ва мамлакатнинг бошқа тарихий шаҳарларида ҳам қаҳвахоналар очиш ниятида.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net