Навоий вилоятида геотуризм ва саноат туризми ривожланади

01.02.2021 11:49

ТОШКЕНТ, 1 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Навоий кон-металлургия комбинатининг Амантойтов ва Довгизтов конларидаги геотуризм ва саноат туризми инфратузилмаси объектларини ўрганиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризм бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, геотуризм жаҳон туризм саноатининг янги йўналиши сифатида сўнгги йилларда оммалашиб бормоқда. Ўзининг геологик, минералогик ёдгорликлари ва ноёб ландшафтлари туфайли Ўзбекистон улкан геотуристик салоҳиятга эга.

Навоий вилояти саноатлашган ҳудудлиги боис, унда геотуризм ва саноат туризм йўналишларини ривожлантириш борасида Навоий кон металлургия комбинати давлат корхонаси тасарруфидаги минерал ресурслар қазиб олувчи конлардаги мавжуд инфратузилма объектлари ўрганилди. Келгусида Амантойтов ва Довгизтов конларини сайёҳлар ташриф буюрадиган туристик масканга айлантириш режалаштирилган. 

Маълумот ўрнида, Амантойтов ва Довгизтов конлари марказий Қизилқум чўлининг руда майдони минтақасидаги конлар бўлиб, Навоий шаҳридан 180 км шимолда, Зарафшон шаҳридан 40 км шарқда жойлашган. Руда заҳираси кўлами, рудани қазиб олиш технологик шароитининг қулайлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатининг юқорилиги ва бошқа хусусиятларига кўра дунёдаги ноёб конлар сирасига киради.

Мазкур конда ишлаб чиқариш жараёнига халал бермаган ҳолда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун эксклюзив ноу-хау ва саноат туризмининг янгича услубдаги йўналишини ташкил қилиш мақсад қилинган.

Хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлиги таъминланган ҳолда олтин қазиб олиш конида тоғ жинсларини портлатиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини узоқ масофадан, панорама ойнали майдончаларда туриб кузатиш, шунингдек, мазкур ҳудудда улар учун енгил конструкцияли дам олиш масканлари ҳамда қўшимча хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net