Навоий туркий тил инсон ҳиссиётлари ва туйғуларининг нозик жиҳатларини ифодалашга қодир бўлган тил эканини ўз асарлари орқали исботлаган

08.02.2021 17:03

БОКУ, 8 февраль. /«Дунё» АА/. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига муносабати билан Озарбайжон илм-фан ва маданият соҳалари вакиллари ўз табрикларини йўлламоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тахмина Бадалова, Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институтининг етакчи илмий ходими, филология фанлари фалсафа доктори:

- Бугун биз дунё адабиётининг ёрқин намояндаси Алишер Навоийни хотирлаяпмиз. Навоий Озарбайжон халқи учун ҳам жуда азиз шахс. Чунки у XII аср Озарбайжон ренессансининг ёрқин намояндаси Низомий Ганжавий дунё адабиётида илк «Хамса»ни яратган бўлса, Алишер Навоий ўзбек тилидаги илк «Хамса»нинг муаллифи ҳисобланади.

Озарбайжон халқи Навоий асарларини катта қизиқиш ва меҳр билан мутолаа қилади. Навоий ўз асарларида Низомийнинг давомчиси бўлганидан фахрланади ва у ҳақида шундай фикр билдиради: «Низомийнинг «Хамса»сининг қийматини ўлчаш учун само тарозисига айланиш керак». Бу фикрлар Алишер Навоий Низомий асарларини катта ҳурмат билан қадрлаганидан далолат беради.

Унинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари ҳозирги кун олимлари тез-тез мурожаат қилиб турадиган китоблардан биридир. Навоий туркий тил инсон ҳиссиётлари ва туйғуларининг нозик жиҳатларини ифодалашга қодир бўлган бой тил эканини ўз асарида аниқ кўрсатиб ўтган, шунингдек, давр адиб ва олимларини туркий тилда ёзишга, ижод қилишга чорлаган.

 Ғазал мулқининг султони яшаб ўтган даврда ҳам ёшларнинг ички мукаммаллашиш мавзуси бутун Шарқ маданияти намояндалари каби Навоийнинг асарларида ҳам ўз аксини топган.  

У ёшларга умри давомида ички мукаммаллашиш йўлидан боришни тавсия қилган. Навоий умрнинг ҳар кунидан унумли фойдаланиш, бекорга вақт ўтказмаслик, ҳар бир сониядан тўғри фойдаланишга чақирган.

Алишер Навоийнинг буюклиги нафат унинг ёзган асарлари билан, балки  мутафаккирнинг камтарлиги билан ҳам ўлчанади.

Лалэ Элекберова, Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институтининг илмий ходими, филология фанлари фалсафа доктори:

- Алишер Навоий бутун Шарқнинг буюк шоири, мутафаккири ва файласуфи ҳисобланади. Навоийнинг ўлмас ижоди ҳар бир дилни ларзага келтиради. Унинг ижоди ва ҳаёт йўлини ўрганган инсон ўзи учун жуда кўп билим ва тарбия олади. Бундан ташқари Навоий Озарбайжон адабиётига ҳам таъсир кўрсатган файласуф шоирлардан биридир. У озар шоири Фузулийнинг ижодига катта таъсир кўрсатган. Биз Фузулийнинг ижодини ўрганиш билан бирга Навоийнинг ижодини ҳам ўрганмоқдамиз.

Замонавий Озарбайжон адабиётшунослиги вакиллари Навоий фаолиятини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, қатор олим ва шоирлар Навоийнинг туганмас хазинасидан баҳра олиб, йиллар давомида изланишлар олиб бормоқда.

Навоий ижоди ва фаолияти, фикр ва насиҳатлари шоир яшаган даврда бўлгани каби бугунги кунда ҳам ўз қадрини йўқотмаган. Ёшлар Навоийга мурожаат қилган ҳар қандай саволига жавоб топиши мумкин. Чунки унинг асарлари маданий-тарбиявий руҳда ёзилган.

Қарийб олти асрки Навоий ижоди катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Ҳар бир ўзбек Навоийдек буюк бобокалони борлигидан фахр туйғусини ҳис қилгани каби биз ёш озарбайжонлик илмий тадқиқотчилар ҳам Навоий асарлари билан фахрланамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net