Навоий барча туркий халқларнинг муштарак қадрияти, улуғ мутафаккири ва шоири – туркиялик тадқиқотчи

06.02.2021 16:56

АНКАРА, 6 февраль. «Дунё» АА/. Ҳожи Байрам Валий университети проректори, филология фанлари доктори, профессор Ўрхан Куртўғли Алишер Навоийнинг туркий тиллар ва адабиётнинг ривожланишига қўшган ҳиссаси ҳақидаги фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

— Алишер Навоий бутун туркий тилли адабиётнинг улуғ намоёндаларидан биридир. У кўпқиррали шахс. Биз, туркияликлар унинг ғазаллари ва асарларини яхши биламиз, бироқ Навоий буюк давлат арбоби ва олим ҳамдир.

Навоий асарлари асрлар давомида туркий дунёнинг турли ҳудудларида севиб мутолаа қилиб келинмоқда. «Хамса» ва бошқа асарлари, девонлари, тил ва адабиётга оид тадқиқотлари ҳам туркий тиллар ва адабиёт ривожида муносиб ҳисса қўшган. Туркий адабиёт тарихи ҳақида гап кетганда, бу борадаги барча жанрларга оид намуналарнинг илк бор Алишер Навоий ижодида  намоён топганини айтиш мумкин.

Анадолу олимлари томонидан Алишер Навоийнинг  кўплаб асарлари тадқиқ этилган. Жумладан, буюк олимнинг муҳим тазкираси – «Мажолисун-Нафоис» асари туркий тазкирачилик анъанасининг илк намунасидир. Ушбу мажмуада турли шоир ва ёзувчилар орасида, айниқса, туркий тилда қалам тебратганларнинг исмларига ҳам кенг жой ажратилгани Навоийнинг туркий адабиётга бўлган алоҳида муносабатини кўрсатиб турибди.

Навоий жамиятда туркий тилга йўл очиб берди, унинг бой жиҳатларини амалиётда намоён этди. Айниқса, «Муҳокаматул-луғатайн» асарида Навоий буни катта маҳорат билан ифодалаб берган.

Барча туркий халқларда бўлгани каби бизнинг Анадолу минтақасида ҳам Навоий тили (ўзбек тили) ва асарларига катта эътибор қаратиб келинган. Навоийнинг номи олимларимиз ва халқимиз томонидан алоҳида хотирланади, асарлари кенг мутолаа қилинади.

Мен яқинда Навоий ҳақида кичик бир тадқиқот ишимни якунладим. Мазкур жараёнда Навоий қаламига мансуб дунё кутубхоналаридаги 2 минг 500га яқин асар ва девон қўлёзмаларини ўрганиб чиқдим. Ушбу манбаларнинг ёзилиш саналари ва маконларини қиёслаб чиққанимизда, уларнинг аксарияти Самарқанд, Ҳирот, Машҳад, ?сфахон, Қоҳира, ?станбул каби марказларда қоғозга туширилганига гувоҳ бўлдик. Бундан келиб чиқадики, Навоий асарлари жуда кенг миқёсда, дунёнинг турфа бурчакларида тарқалган ва мутолаа қилинган. Бошқача айтганда, қаерда туркий халқлар бор бўлса, у ерга Навоий «кириб»  борган.

Назиралар шоирларнинг ўзаро таъсирланишни ўрганиш жиҳатидан муҳим манба ҳисобланади. Анадолу адабий муҳити билан яқиндан танишсангиз, 70 га яқин шоирлар Навоий асарларига атаб назиралар ёзганига гувоҳ бўласиз.

Тарихий маълумотлар Алишер Навоий яшаган даврлардаёқ унинг овози бизнинг ҳудудларга етиб келгани ва ўша даврлардаёқ турк шоирлари унга назиралар ёза бошлаганидан далолат бермоқда. Масалан, бизгача етиб келган манбаларга кўра, Ҳиротда Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро билан мулоқотларида Анадолу шоирлари ҳақида ҳам маълумот алмашилгани таъкидланади. Шунингдек, усмонийлар вакилларидан бири — Аҳмет Пошшо Навоий ижодига ҳурмат билан қараган. У ҳам Навоий ғазалларига атаб назиралар битган.

 Мухтасар айтганда, Навоий барча туркий халқларнинг муштарак қадрияти, улуғ мутафаккири ва шоири. Унинг ижодини чуқур ўрганиш ва  келгуси авлодларга тарғиб қилиш бизнинг бурчимиздир. Шу маънода Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий Кенгаш доирасида Алишер Навоий мукофотини таъсис этиш ҳақидаги хабарлар биз адабиётчиларни ниҳоятда хурсанд қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net