Наманган шаҳридаги «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳи яна зиёратчилар ихтиёрига топширилди

12.05.2021 14:00

НАМАНГАН, 12 май. /«Дунё» АА/. Наманган шаҳридаги «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳи мажмуасида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиб, зиёратчилар ихтиёрига топширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Вилоят ҳокимлиги маълумотига қараганда, Хотира ва қадрлаш  куни арафасида  мазкур  зиёратгоҳ мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Етти ойда мажмуа мутлақо янги қиёфани касб этди. Айниқса, марказда қад кўтарган маҳобатли мақбара зиёратчиларни бефарқ қолдирмайди. Уларни бунёд этишда миллий меъморчилик анъаналаридан кенг фойдаланилган. «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳи мажмуаси атрофини  истироҳатгоҳга айлантириш мақсадида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш  ва ободонлаштириш  ишлари  амалга  оширилди.

Ушбу зиёратгоҳ ҳақида турли ривоятлар бор. Баъзилар мазкур зиёратгоҳ ислом оламининг турли гўшаларида ва турли йилларда яшаб ўтган ўн бир Аҳмадлар номи билан аталувчи тасаввуф илмининг йирик намояндалари бўлган шайхлар ҳурмати учун тикланган зиёратгоҳ дейишса, баъзилар фиқҳ ва тариқат аҳли вакили Ўн бир Аҳмад ҳазратларининг қабрлари, дейишади. Айтишларича, Ўн бир Аҳмад ҳазратларининг зоти шарифлари пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалар экан.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки,  мамлакатимизда улуғ аждодларимиз меросини сақлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш ва тарихий обидаларни авайлаб асрашга алоҳида эътибор қаратилаётгани юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net