Наманган шаҳри анъанавий 61- халқаро гуллар фестивалига ҳозирлик кўрмоқда

19.04.2022 15:35

ТОШКЕНТ, 19 апрель. /«Дунё» АА/. Жорий йил  23-31 май кунлари Наманган шаҳрида анъанавий 61-халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Олтмиш биринчи маротаба ўтказиладиган ушбу фестивалга Наманган вилоятида қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Анъанага биноан, фестивал маҳаллий гулчилар томонидан турли хил гуллар билан безатилган автомобилларнинг кенг қамровли паради билан очилади.

 Фестивал давомида вилоятда ўтказилаётган мода ҳафталиги доирасида Фарғона водийси модельерларининг кўргазмалари, вилоят ёш ижрочилари ва юртимиз эстрада юлдузларининг шоу ва концерт дастурлари, шунингдек, миллий мақомчилар ансамбллари ва рақс жамоалари чиқишлари, вилоят мусиқали драма театрининг концерт дастурлари, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, дорбозлар шоуси, таниқли параспорт усталарининг маҳорат сабоқлари намойиш этилади.

Наманган  шаҳридаги «Афсоналар водийси» истироҳат боғида вилоятдаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ўқувчилари, «Мақом»  ансамбли томонидан концерт дастурлари намойиш этилади. 

Фестивал якунида  «Афсоналар водийси» боғида «Гул байрами» ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими,  мамлакатимиз эстрадаси юлдузлари иштирокида катта гала-концерт бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

 Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 4 августда «Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчиликни янада ривожлантириш тўғрисида»ги фармони эълон қилинган эди. Фармон билан  Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги,  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ҳар йили апрель-май ойларида Халқаро гуллар байрамини ўтказиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

 Маълумот учун, Намангандаги гуллар байрами 1961 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. 2021 йили 60-маротаба ўтказилган гул байрамига Жанубий Корея, Россия, Туркия, Нидерландия ва қўшни давлатлар -  Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистондан меҳмонлар келишган эди. Мазкур тадбирда 150 нафар гулчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар, шунингдек, 300 дан ортиқ ҳаваскор гулчилар иштирок этиб, фестивал тарихида илк бор 10 миллион туп гул кўчатлари экилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net