МОХ?: Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизга ташрифи, ўзбек-қирғиз муносабатлари тарихидаги муҳим сиёсий воқеа, қардош

15.03.2021 13:47

ТОШКЕНТ, 15 март. /«Дунё» АА/. “Қадимги даврлардан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари бутун Марказий Осиё минтақасида яқин тарихий алоқаларни ривожлантириб, турфа маданий анъаналар таъсири ва синтези сифатида маданий генезиснинг хусусиятларини  ўзида акс эттирмоқда, - деди Марказий Осиё халқаро институти тарихий-маданий ва гуманитар тадқиқотлар бўлим бошлиғи Алишер Собиров. – Халқларимиз ўртасида кўп асрлик умумий тарихий, маънавий ва маданий мерос уйғунлигига асосланган биродарлик алоқалари ривожланди.

Ўзбекистон томони икки мамлакат халқлари ўртасида қарор топган илиқ муносабатлар ва стратегик шериклик даражасини юқори баҳолайди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизга ташрифи, ўзбек-қирғиз муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа, қардош халқлар ўртасидаги алоқаларнинг юксак тараққиётининг яққол исботидир.

Музокараларнинг анъанавий дўстлик муҳитида ва ўзаро англашув руҳида ташкил этилгани ҳамда самарали натижаларга эришилгани фикримизнинг тасдиғидир.

Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа устувор соҳалардаги йирик лойиҳалар билан бирга, маданият, таълим, илм-фан, спорт, туризм каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари, илмий муассасалар ўртасида ўзаро борди-келдиларни фаоллаштириш, бадиий ва театр жамоаларининг дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашга  келишиб олинди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 300 мингга яқин қирғиз миллати вакиллари яшайди, уларга ўз тили, маданияти ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун барча шароит ва имкониятлар яратилган.

Бу жараёнда Ўзбекистонда 6 та қирғиз маданий маркази фаолият юритмоқда. Ушбу тилда мактаблар ва университетларда  таълим ташкил этилган, шунингдек, теле ва радиодастурлар эфирга узатилмоқда, босма нашрлар чоп этилмоқда. Қўшни Қирғиз Республикасида ўзбек миллатига мансуб кўп сонли аҳоли вакиллари истиқомат қилади.

Бинобарин, ташриф ўзаро маданий-гуманитар алмашувлар, биродар халқлар ўртасидаги алоқалар яқинлашувига ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Шу муносабат билан, томонлар халқаро маданият ва кино кунлари, ёшлар форумлари, фестиваллар ва кўргазмалар ҳамда бошқа қатор тадбирларни ташкил этишга келишиб олди.

Бундан ташқари, ёшлар сиёсати масалалари, жумладан, ёш авлоднинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг истеъдод ва интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича маънавий, ахлоқий ва ҳуқуқий тарбия масалалари икки томонлама муносабатларнинг истиқболли йўналишларига айланиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, олий таълим ва университетлараро ҳамкорликни давом эттиришга аҳдлашилди.

Мактаб ёшларининг қўшма таълимини ривожлантириш, ўзбек ва қирғиз жамоаларининг ихчам яшаш жойларида миллий адабиёт ва тилни ўрганиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, дарслик ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ва нашр этиш, ўз давлати ҳудудида бўлган бошқа томон фуқароларининг қонуний манфаатларини ва ҳуқуқларини таъминлаш учун барча чораларни кўриш бўйича келишувларга эришилди.

Коронавирус пандемиясига қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликдаги режаларга кўра, маданият кунлари, зиёрат туризми ва сайёҳликнинг биргаликдаги бошқа йўналишларини тарғиб этиш, кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат вакилларининг халқаро маданий тадбирларда ўзаро иштирокини таъминлаш, қирғиз адиблари асарларини ўзбек тилида, ўзбек ёзувчилари ижодини қирғиз тилида нашр этишни таъминлашда фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш катта аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Ушбу келишувларнинг барчаси Президентларнинг Қўшма баёноти ва музокаралар якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатларда ўз аксини топди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net