Миллий палата: «Церебра» бугун ҳаётни сақлаб қолишда ёрдам беряпти

16.02.2021 10:45

ТОШКЕНТ, 16 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ?нновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Қозоғистоннинг «Cerebra.ai Ltd.» компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорликка оид меморандум доирасида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда инсультни эрта ташҳислаш бўйича новаторлик ғоясини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.     

Миллий палата матбуот хизматига кўра, жорий йил февраль ойида Олма-ота шаҳридаги 7-сонли клиник шифохонага онлайн-тур уюштирилди. Ушбу тиббиёт масканида «Церебра» платформаси жорий қилинган. Онлайн-тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош радиологи, тиббиёт фанлари доктори Дамир Зарединов ҳам иштирок этди.

«Cerebra.ai Ltd.» (Қозоғистон) компаниясининг ишланмаси сунъий интеллектни жорий этиш йўли билан инсультнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлган биринчи соатларда ишемик ва геморрагик инсультни ташҳислайди ҳамда беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради.

Онлайн-тур иштирокчилари янги ишланманинг ишлаш жараёни билан танишди, амалиётчи шифокорлар фикрини тинглади. Сунъий интеллект инсульт тахмини билан келган беморнинг компьютер томографиясида олинган суратларига 5-7 дақиқада ишлов беради. Нейрон тармоқларни жорий этиш инсон кўзи компьютер томографияси олган суратда илғай олмаган ҳолатларни аниқлаши мумкин, яъни бош миянинг инсульт билан шикастланган қисмлари биринчи соатлардаёқ аниқланади. Бу эса нейрожарроҳларга операция қилиш бўйича тезкор қарор қабул қилиш, уни инсульт содир бўлган вақтдан бошлаб 4-4,5 соат ичида амалга ошириш имконини беради. 

7-сонли шифохона томир нейрожарроҳлиги бўлинмаси мудири Рауан Кастей компьютер томографияси суратларига оддий ишлов берилганда ишемик манба бир суткадан кейин аниқланишини таъкидлади. 

Олма-отадаги шифохонада «Церебра» қўлланила бошлаганига 3 ҳафта ўтди. Бу вақт давомида касалхонага фалаж ҳолда келиб тушган бемор аёл ҳаёти янги ускуна ёрдамида сақлаб қолинди. Шифокорлар сунъий интеллект ёрдамида бемор бош миясининг шикастланган қисмини тезкор аниқлаб, муваффақиятли операция ўтказди. Бундай тезкор ва аниқ кўмак натижасида бемор ўзига келган, қатор ҳаракат функциялари бутунлай тикланган, реабилитация жараёни изчил давом этмоқда. 

Нейрожарроҳларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, инсульт содир бўлган вақтдан бошлаб айнан дастлабки 4-4,5 «олтин» соат давомида кўрсатилган ёрдам бош мияда қон айланишни тиклаб, унинг барча функцияларни қайтариш имконини беради.

?нновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Церебра»ни амалда қўллаш тажрибасини ўрганиб, сунъий интеллектга асосланган мазкур платформани Ўзбекистонда кенг ёйилишига ёрдам беришни режалаштирмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net