Меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқаётган шахслар учун қатор қулайликлар яратилади

16.09.2020 10:10

ТОШКЕНТ, 16 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бугунги пандемия сабабли ташқи меҳнат миграцияси соҳасида жиддий муаммолар юзага келмоқда. Ушбу вазиятда юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пандемиядан кейин дунё меҳнат бозорида Ўзбекистон фуқаролари учун зарур шароит яратиш мақсадида жорий йил 11 августда Президентимизнинг “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ҳамда 17 августда давлатимиз раҳбари раислигида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Шунингдек, 14 сентябрда Президентимизнинг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Анжуман доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари мазкур қарор ижроси юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимларига атрофлича маълумот тақдим қилди.

Хусусан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов қарорнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди.

– Ҳужжат билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожлантирилади, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқалар мустаҳкамланади, – деди М.Маматхонов. – Шунингдек, меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, улар ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти кенгайтирилади, улар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш ҳам қарорда қайд этилган.

Тадбирда таъкидланганидек, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар реинтеграция қилиниб, уларнинг бандлиги таъминланади, касбий малакаси оширилади ва тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади.

М.Маматхоновнинг билдиришича, 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ишга юборишдан олдин давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.

Бунда ташқи меҳнат миграциясини давлат томонидан рағбатлантириш мақсадида, қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилиб, унга кетадиган барча харажатлар давлат ҳисобидан қопланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили Одилжон Комилжоновнинг айтишича, “Мамлакатимизда ҳар йили ўрта таълим муассасаларини 700-750 минг ёш тамомлайди. Уларнинг 150 минги олий таълимда ўқишни давом эттиради. Ўрта-махсус таълим билан бу миқдор 300 минг кишига етади. Ҳар йили Ўзбекистон меҳнат бозорида 300-350 минг янги ишчи ўрни яратилади. Бундан шароитда 100-150 мингга яқин ишсиз ёшлар қатлами вужудга келиши мумкин. Шу туфайли фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат миграцияси учун давлат томонидан имтиёзлар берилиши кўзда тутилган”.

Фуқароларимизнинг Россияда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун рухсатнома, яъни патент расмийлаштиришда қулайлик яратиш мақсадида 2021 йил 1 январга қадар Россия Федерацияси ?чки ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонасини Ўзбекистон Республикасида очиш режалаштирилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург, Новосибирск, Самара, Уфа, Чимкент ва ?станбул шаҳарларидаги ваколатхоналари ҳам очилади.

Анжуман доирасида Россия, Қозоғистон ва Туркияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокатлик фирмалари жалб қилиниши, онлайн платформа яратилиб, Россия ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган «Call-марказ» ташкил қилиниши маълум қилинди.

Шунингдек, 2021 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон фуқароларининг  Болгария, Латвия, ?сроил, Финляндия, Польша ва Канада давлатларида меҳнат фаолиятларини ташкил қилиш мақсадида ушбу мамлакатлар билан ҳамкорлик битимлари тузилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net