МДҲга аъзо давлатларнинг Минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлик бўйича кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

17.09.2020 13:41

ТОШКЕНТ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси раислигида МДҲга аъзо давлатларнинг Минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлик кенгашининг IХ йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, шунингдек, МДҲ ?жроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Кенгаш йиғилишининг кун тартибига мувофиқ 12 та масала кўриб чиқилди. Хусусан, МДҲ доирасида минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлиги ҳолати, 2030 йилгача бўлган давр учун МДҲнинг Минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлик концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси, МДҲнинг биринчи Минтақалараро форумини ўтказиш ва уни ҳал этиш бўйича таклифлар киритилди.

Шунингдек, коронавирус пандемиясининг МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиёти тармоқларига салбий оқибатларини бартараф этиш чоралари ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш аввалида кенгашга раисликни Ўзбекистон томонига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси ?қтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакили кенгаш раиси этиб сайланди.

Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий ҳамкорлар, биринчи навбатда, яқин қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда аниқ натижаларга эришилгани қайд этилди. Бу, ўз навбатида, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми ошишига ижобий таъсир кўрсатди, минтақалараро ва чегараолди яқин ҳамкорлик ўрнатилди.

Кенгаш аъзолари МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Ашхободда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш доирасида 2030 йилгача бўлган давр учун МДҲнинг Минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлик концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлади ва бир овоздан маъқуллади.

Шу билан бирга, МДҲга аъзо давлатларнинг биринчи Минтақалараро ҳамкорлик форуми ҳамда Минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар ташаббус ва кенгаш йиғилишини видеоконференция шаклида ташкил этгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. Кенгашнинг минтақалараро муносабатларни ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун ишончли майдонга айланганини таъкидлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net