МДҲ гуманитар ҳамкорлик режаси лойиҳасидан "Соғлиқни сақлаш" бўлими олиб ташланди

02.03.2020 10:34

ТОШКЕНТ, 2 март. /“Дунё” АА/. Минск шаҳрида МДҲ га аъзо давлатларнинг 2021-2022 йилларга мўлжалланган гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги устувор ҳаракатлар режаси лойиҳасини келишиб олиш учун экспертлар гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумотига асосланиб.

Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон, шунингдек, МДҲ Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши котибияти, Ҳамдўстлик ?жроия қўмитаси ҳамда "Мир" телерадиокомпанияси вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда режа лойиҳасига киритилган таклифлар кўриб чиқилди ва якуний ҳужжат бўйича келишувга эришилди. Унга кўра, ҳужжатдаги "Соғлиқни сақлаш" бўлими чиқариб ташланди ва унда кўрсатилган вазифалар "Умумий гуманитар характердаги тадбирлар" бўлимига киритилди.

Экспертлар 2021-2022 йилларга мўлжалланган гуманитар ҳамкорлик режасини МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилиш учун белгиланган тартибда тақдим этишга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат Ҳамдўстлик мамлакатлари гуманитар ҳамкорлик кенгаши ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2019-2020 йилларга мўлжалланган амалдаги режанинг мантиқий давомидир.

Режа 8 қисмдан иборат бўлиб, улар умумий гуманитар характердаги тадбирларни ўз ичига олади. Масалан, Халқаро китоб санъати танлови, МДҲ ташкил топганининг 30 йиллигига бағишлаб Буюк Ватан уруши, XVI-XVII ижодий ва илмий зиёлилар форумлари, Ҳамдўстликнинг маданий пойтахтлари давлатлараро дастури, "Ҳамдўстлик юлдузлари" ва "Дебатлар ҳамдўстлиги" мукофотларини топширишдир.

Ундан ташқари режада маданият, таълим, фан, китоб нашрлари ва полиграфия, спорт ва туризм, ёшлар ҳамкорлиги, ахборот ва оммавий коммуникациялар билан боғлиқ тадбирлар қамраб олинган.

Режа лойиҳасининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши кейинги икки йил давомида МДҲ га аъзо давлатларнинг гуманитар соҳада ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net