Марказий сайлов комиссияси раиси иштирокида брифинг бўлиб ўтди

24.10.2021 14:38

ТОШКЕНТ, 24 октябрь. /«Дунё» АА/. Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида комиссия раиси Зайниддин Низомходжаев иштирокида брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Ўзбекистон Президенти сайлови 2021 йил 8 февралда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ илк бор октябрь ойида ўтказилмоқда.

Эрталаб соат 8:00да мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 761 та сайлов участкасида Ўзбекистон Давлат мадҳияси янгради ва сайловчилар овоз беришга киришди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 37 та хорижий давлатдаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 54 та сайлов участкаси, хусусан, Шарқ мамлакатларида ташкил этилган сайлов участкалари  иш бошлади. Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси билан барча сайлов округлари ва сайлов участкалари ўртасида мунтазам алоқа йўлга қўйилган. Овоз бериш биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, ?ндонезия, Таиланд, Ҳиндистон ва Россиянинг Узоқ Шарқдаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.  

Жорий йил 14-20 октябрь кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан 421 минг 618 нафар сайловчи фойдаланди.

Барча сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилган.

Сайловда мамлакатимизда ташкил этилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилган.

Ўзбекистон Президенти  сайловида мамлакатимиз тарихида биринчи марта бешта сиёсий партиядан номзодлар рақобатга киришган. Булар:

Ўзбекистон Экологик партиясидан Нарзулло Обломуродов;  

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова;

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев;  

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Алишер Қодиров;

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан 2021 йил 23 июлдан 23 октябрга қадар, яъни сайлов кампанияси даврида амалга оширилган ташвиқот ва тарғибот ишлари бўйича мониторинг олиб борди. Мониторинг натижаларига кўра, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар томонидан  қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмади.  

Республикамизда мавжуд сайлов участкаларининг барчаси телефон алоқаси билан тўлиқ таъминланган. Шундан 96,7 фоизи оптик толали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган. Қолган 3,3 фоизи мобиль ва радио алоқа тармоғи ҳамда сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги интернет билан таъминланди. Жорий йилги сайловларда Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкасига 414 та видеокамера ўрнатилди.

Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, Президент сайлови халқаро меъёрлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби халқаро демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Сайлов кодексига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси – сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди.  Сайлов қонунчилигига мувофиқ, соғлиғининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари томонидан овоз бериш ўша сайловчилар турган жойда ташкил этилади.

Сайловни  971 халқаро кузатувчи, жумладан, йигирмага яқин халқаро ташкилотдан 631 нафар, элликка яқин давлатдан келган 340 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда.

Президентликка номзод кўрсатган бешта сиёсий партиядан 53 минг 717 нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 минг 733 нафар кузатувчи сайловни бевосита кузатмоқда.

Сайловни  1 минг 672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб бормоқда.

Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссиясига сайловда овоз бериш жараёни давомида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумотлар келиб тушмади. Агар сайловчилар, кузатувчилар ёки оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлагудек бўлса, улар суд, прокуратура органлари ёки сайлов комиссияларига мурожаат қилишлари мумкин. Бунинг учун барча сайлов участкаларида маъмурий судлар ва прокуратура органларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net