Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи онлайн йиғилиши ўтказилди

20.05.2020 10:29

ТОШКЕНТ, 20 май. /«Дунё» АА/.  Жорий йилнинг 19 май куни  Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи онлайн йиғилиш ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) манбасига асосланиб.

Онлайн йиғилиш БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбирда, шунингдек ФАО, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Евроосиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, ?слом тараққиёт банки ва Жаҳон банки экспертлари иштирок этди.

Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирлари онлайн йиғилишда пандемия даврида озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

ФАОнинг яқинда чоп этилган бюллетенида Европа ва Марказий Осиёда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, буғдой етказиб бериш дунёнинг қолган қисмида бўлгани каби барқарор экани қайд этилган. Бироқ, COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган чоралар натижасида логистика соҳасида узилишлар юзага келди, оқибатда айрим давлатларда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг танқислиги пайдо бўлди.

Вазирлар ҳозирги вазиятда пайдо бўлаётган оқибатларни енгиб ўтиш бўйича ҳаракатлар ва режаларни ишлаб чиқиш тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, озиқ-овқат таъминоти ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш занжирида узилишларга йўл қўймасликка қаратилган миллий ташаббуслар ҳамда чора-тадбирлар бўйича фикр алмашди.

Мулоқот якунида келгусида пандемиянинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигига таъсирини юмшатиш мақсадида самарали ҳамкорлик олиб бориш учун ахборот алмашинувларини мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

 

Фотосурат: ФАОнинг расмий сайтидан

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net