Малайзиядан муносабат: Ўзбекистонда давлат тадбиркорлар ишига камроқ аралашгани ҳолда бизнес учун кўпроқ шароит ва қулай муҳитни яратмоқ

24.08.2022 19:57

КУАЛА-ЛУМПУР, 24 август. /“Дунё” АА/. Малайзия ишлаб чиқарувчилар федерацияси вице-президенти Го Бун Ким “Дунё” АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 22 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти якунларини қуйидагича изоҳлади:

– Ўзбекистон раҳбарияти ва тадбиркорлар ўртасида иккинчи марта очиқ мулоқотнинг ўтказилиши жаҳондаги бугунги мураккаб иқтисодий вазиятда жуда долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, коронавирус пандемиясининг оқибатлари, логистика соҳасидаги муаммолар, озиқ-овқат, хом ашё ва энергия нархларининг ошиши давлат томонидан қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган тадбиркорлик субъектлари олдида муайян муаммоларни келтириб чиқарди.

Тадбирда таъкидланганидек, тадбиркорлар ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қудратини оширишда асосий куч бўлиб, давлат раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқотнинг йўлга қўйилгани бизнес юритиш соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Мулоқот чоғида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқдир. Шубҳасиз, ҳали кўп иш қилиш керак. Шу билан бирга, давлат раҳбари мамлакатда бизнесни рағбатлантириш учун тадбиркорлар ва халқ билан мулоқотга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Ўрта бизнесни ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун стандартлаштириш ва сертификатлаштиришнинг халқаро тизимини жорий этиш жуда муҳим, деган фикрга қўшиламан. Бу соҳада Малайзия ўзининг илғор тажрибаларини баҳам кўришга тайёр.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун барча имкониятларни сафарбар этди. Буни ишбилармон доираларга берилаётган имтиёз ва преференциялар, тадбиркорлик фаолиятини самарали амалга ошириш учун республика вазирлик ва идораларининг аксар назорат функциялари бекор қилингани ҳам тасдиқлайди. Бир сўз билан айтганда, давлат тадбиркорлар ишига камроқ аралашгани ҳолда тадбиркорлик фаолияти учун кўпроқ шароит ва қулай муҳитни яратмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net