Малайзияда ватандошлар билан бўлиб ўтган давра суҳбати муҳим саналарга бағишланди

08.02.2022 09:48

КУАЛА-ЛУМПУР, 8 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ҳамда беназир шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан Малайзияда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида онлайн давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Малайзиянинг Ал-Бухорий халқаро университети (Albukhary International University), Осиё-Тинч океани технологиялар ва инновация университети (APU), Лимкоквинг университети (Limkokwing), Малайя университети (University of Malaya), Сеги университети (Segi), Сайберджая университети (University of Cyberjaya), Халқаро ислом университети (IIUM) ва бошқа олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ҳамда ушбу мамлакатда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фаол юртдошларимиз иштирок этди.

Тадбир чоғида буюк мутафаккир ва шеърият султони Навоий ҳамда беназир шоир ва саркарда Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида атрофлича фикр юритилар экан, уларнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин эгаллаши таъкидланди.

Давра суҳбати давомида тадбир иштирокчилари 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда республикамизда ёшларга яратилаётган кенг шароитлар ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

 Учрашув доирасида ватандошларимизга ўзбек тили ва адабиётини янада чуқур ва мукаммал ўрганишлари учун элчихонада ўзбек маданияти ва адабиёти бурчаги мавжудлиги ҳамда унинг пештахталаридан ўрин олган адабиёт ва даврий нашрлардан бемалол фойдаланиш имконияти яратилгани маълум қилинди.

Шу билан бирга, давра суҳбати чоғида ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган консуллик-ҳуқуқий масалаларига доир саволларига ҳам батафсил жавоб олди. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net