Малайзияда бўлиб ўтган давра суҳбати Ўзбекистон Президенти сайлови мавзусига бағишланди

04.10.2021 16:46

КУАЛА-ЛУМПУР, 4 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида муҳим сиёсий тадбир - Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Малайзиянинг Сеги университетиКуала-Лумпур университетиХалқаро ислом университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва вақтинча бўлиб турган ватандошларимиз иштирок этди.

Учрашув қатнашчиларига жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайлови, сиёсий партиялардан илгари сурилган номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, дипломатия ваколатхонаси ҳузурида 25-сайлов участкаси ташкил этилгани ҳамда мамлакатимиз фуқаролари ўзларининг конституцион ҳуқуқини амалга ошириш асносида эркин овоз бериши учун барча шароитлар яратилгани таъкидланди.

Ватандошларимиз республикамизда бўлиб ўтадиган ушбу сиёсий жараённи элчихонанинг веб-сайти, “Facebook” ва “Instagram” расмий саҳифалари ҳамда республика ОАВлари орқали кузатиб боришга, уларни сайловчилар руйхатига киритиш имконини берувчи https://saylov.mfa.uz/ веб-сайтидан фойдаланишга ва бўлажак сайловда фаол иштирок этишга даъват этилди.

Шунингдек, тадбир доирасида жорий йил 21 октябрь куни “Ўзбек тили байрами” сифатида нишонланиши муносабати билан Ўзбекистонда қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилганлиги, жумладан, элчихона томонидан Малайзияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирокида мазкур байрамга бағишланган тадбир ўтказилиши кўзда тутилгани давра суҳбати қатнашчиларининг эътиборига ҳавола этилди.

Давра суҳбати интиҳосида ватандошларимиз ўзларига қаратилаётган эътиборни юқори баҳолаб, Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этишини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net