Малайзия ОАВлари Ўзбекистонда COVID-19 га қарши курашдаги ишлар самарадорлигини эътироф этмоқда

01.05.2020 19:08

КУАЛА-ЛУМПУР, 1 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсирини юмшатиш борасидаги Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари Малайзия оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан, Малайзиянинг «Bernama» миллий ахборот агентлиги «Ўзбекистон COVID-19 таъсирини юмшатиш бўйича қатор дастурларни амалга оширмоқда» сарлавҳали мақола чоп этди. Унда мамлакатмизда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг ташкил этилиши билан боғлиқ тафсилотлар ёритилган.

Мақола муаллифларининг таъкидлашича, ушбу ташаббус ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш учун тадбиркорларни жалб қилиш орқали кам таъминланган ва вақтинча ишсиз оилаларни озиқ-овқат ҳамда дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Ўз навбатида, ушбу ташаббусда иштирок этган тадбиркор ва корхоналар ҳам давлат томонидан солиқ, лизинг ва преференцияларни тақдим этиш орқали қўллаб-қувватланади.

Мақолада Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати мамлакатимиз ва халқимиз бирлигининг ёрқин намунаси эканига ишонч билдирилган.

Шу билан бирга, муаллиф ўз ўқувчиларини Ўзбекистон Президентининг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида илгари сурган коронавирус пандемияга қарши кураш бўйича муҳим ташаббуслари билан таништирди.

«Ушбу таклифлар туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ва етакчи тиббиёт муассасалари ўртасида хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш бўйича ахборот ҳамда тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишда намоён», – дейилади нашр хабарида.

Мақола якунида журналист Ўзбекистон раҳбариятининг аҳолини зарур озиқ-овқат, дори-дармон билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мақомини мустаҳкамлаш, ушбу ташкилотнинг Туркий кенгаш билан алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш ташаббусларини эътироф этади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net