Малайзия билан давлат бошқаруви ва кадрлар сиёсати соҳасида ўзаро ҳамкорлик ривожланмоқда

01.08.2022 16:51

КУАЛА-ЛУМПУР, 1 август.  /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (ДХРА) делегацияси давлат бошқаруви ва кадрлар сиёсатини амалга ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиши, шунингдек, ушбу мамлакат давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими билан яқиндан танишиши мақсадида Малайзияга сафар уюштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу сафар давомида делегациянинг Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Давлат хизмати департаменти, Давлат хизматлари комиссияси, Давлат бошқаруви миллий институти (INTAN) ва Малайзия университети ҳузуридаги Халқаро давлат сиёсати ва менежменти институти (INPUMA) ҳамда “PEMANDU Associates” хусусий консалтинг компанияси раҳбарияти билан учрашувлари бўлиб ўтди. Шунингдек, Малайзия ва Ўзбекистонда давлат хизматини ривожлантиришга бағишланган бир қатор тақдимот ва семинарлар ҳам ташкил этилди.

Тадбирлар чоғида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, мамлакатимизда давлат хизматининг бошқарув тизими, амалдаги мониторинг ва баҳолаш тартиби ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолияти тўғрисидаги батафсил маълумотлар Малайзия вакилларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Малайзия томони республикада жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Давлат хизматини ривожлантириш, жумладан, давлат бошқаруви ва хизмати тизимида ягона тамойил ва стандартларни таъминлаш, бу йўналишда замонавий усулларни жорий этиш давлатнинг иқтисодий тараққиёти ва халқ фаровонлигини янада юксалтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу муносабат билан, бу йўналишда Малайзия идоралари билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтказилган музокаралар якунида қуйидаги келишувларга эришилди:

- ДХРАнинг Малайзия Давлат хизмати департаменти ва Давлат хизматлари комиссияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шу жумладан, Ўзбекистонда давлат хизматини ривожлантириш бўйича экспертлар даражасида ишчи учрашувлар ўтказиш;

- INTAN ва INPUMA томонидан Ўзбекистон давлат хизматчилари учун қисқа муддатли курслар дастурини ишлаб чиқиш, юқори лавозимдаги давлат хизматчилари учун Ўзбекистонда тренинглар ўтказиш учун Малайзия экспертларини жалб қилиш;

- Ўзбекистонда KPI тизимини янада кенг жорий этиш ва такомиллаштириш соҳасида «PEMANDU Associates» консалтинг компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқиш.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net