«Ёшлар ижод саройи» қошидаги Ёшлар симфоник оркестри негизида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ташкил этилди

11.05.2021 11:10

ТОШКЕНТ, 6 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон давлат симфоник оркестрини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳар «Ёшлар ижод саройи» қошидаги Ёшлар симфоник оркестри негизида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ташкил этилди.

Жаҳон классик мусиқаси ва хор ижрочилиги соҳасидаги ютуқларни Ўзбекистонда ва хорижда тарғиб қилиш, аҳолининг жаҳон классик мусиқаси ва хор ижрочилигига бўлган маънавий эҳтиёжини концерт фаолияти ҳамда мусиқий-маърифий ишлар орқали қондириб бориш, ўз репертуарини жаҳон ва ўзбек бастакорлари томонидан яратилган мусиқий асарларнинг энг сара намуналари билан тўлдириш ва ижро орқали бойитиш оркестрнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Бундан ташқари, оркестр томонидан мамлакатимиз аҳолисини симфоник мусиқа санъатидан баҳраманд этиш, ўсиб келаётган ёшлар орасида ушбу санъат турини кенг тарғиб мақсадида республиканинг барча ҳудудларида концерт дастурлари ташкил этилади.

«Ўзбекистон давлат симфоник оркестри» давлат муассасасининг тузилмаси тасдиқланди.

Оркестр Ёшлар симфоник оркестрининг барча ҳуқуқ, мажбурият ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Оркестрнинг директори ва бадиий раҳбари Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Шунингдек, «Ўзбекистон давлат симфоник оркестри» давлат муассасаси фаолиятини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Қарорга кўра, оркестр пойтахтимиздаги «Ёшлар ижод саройи» биносига жойлаштирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net