Виртуал музейлар концепцияси тақдим этилди

21.02.2020 12:08

ТОШКЕНТ, 21 февраль. /«Дунё» АА/. Маданият вазирлигида «SmartChain» масъулияти чекланган жамият томонидан МДҲ давлатлари маданий мероси виртуал музейлари концепцияси лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

Ахборот технологиялари ривожланаётган ҳозирги даврда унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш давр талаби. Виртуал музейлар концепцияси ҳам мазкур ёндашув асосида яратилган.

Тақдимот давомида виртуал музейлардан фойдаланиш тартиби, унинг томошабин учун қулайлиги, шу билан бирга, исталган тилда экспонат ҳақида маълумотга эга бўлиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда виртуал музейлар миллий маданий меросни тарғиб қилишнинг ўзига хос самарали ва инновацион усулидир.

Музей экспонатларини ҳар томондан кўриш имкониятини берувчи махсус дастур ишлаб чиқилиши виртуал музейларнинг афзаллигидир. Ушбу лойиҳа доирасида анъанавий музейлардан кўра кўпроқ объектларни томоша қилиш мумкин бўлади.

Виртуал саёҳатчи дастур порталига кириш орқали МДҲ мамлакатларидаги тарихий жойлар ва галереяларни кузатиши мумкин. Порталда дунё санъати дурдоналари тўпланади. Виртуал музей экспозициялари виртуал панорама орқали намойиш қилинади. Уларга 3D, айланма ва 360 даражали фото панорамалар киритилади. 3D панорама анимацион объектлар, овозли эшитиш ва мультимедиадан таркиб топади.

Тадбирда маданият вазири Озодбек Назарбеков ушбу концепцияни такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирди.

– Маданий меросимиз ҳақида овозли тарзда ҳикоя қилинаётганда миллий брендларимиз, халқ амалий санъати намуналари, турли экспонатлар номларини талаффуз қилишдаги хатоликларни бартараф қилиш керак, – деди Озодбек Назарбеков.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net