Венгрияда Арминий Вамберининг Марказий Осиёда ўтган ҳаётига бағишлаб кўргазма ташкил этилди

29.01.2020 10:20

БУДАПЕШТ, 29 январь. /“Дунё” АА мухбири/. Будапештда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси томонидан Венгрия Фанлар академияси Миллий кутубхонаси ва «PAIGEO» жамғармаси билан ҳамкорликда буюк венгр шарқшуноси ва сиёсатшуноси Арминий Вамберининг (1832-1913 йиллар) ҳаёт йўли ва саёҳатларига бағишланган “Венгриялик дарвиш Марказий Осиёда” мавзуида кўргазма ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА мухбири хабар бермоқда.

?кки ой давом этган тадбирга ташриф буюрган 5 мингдан ортиқ киши венгриялик олимнинг Бухоро, Хива ва Самарқанд шаҳарларига сафарлари чоғида жамланган экспонат, қўлёзма ва буюмлар билан яқиндан танишди.

Кўргазма директори ва «PAIGEO» жамғармаси президенти Норберт Чизмадианинг қайд этишича, мазкур маданий воқеликнинг ташкил этилгани венгрияликларнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга бўлган қизиқишининг юқори эканини кўрсатади.

– Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига бағишланган стендлар ва экспозициялар тадбир дурдонасига айланди ва ташриф буюрувчилар диққат марказида бўлди, – деди Н.Чизмадиа. – Арминий Вамбери Марказий Осиёни Марказий Европа билан Ўзбекистонни эса Венгрия билан боғлаган шахсдир. У ўз сафарлари якуни бўйича ёзган китоби мамлакатингизнинг бой тарих ва маданиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди. Ўзбекистонда бўлиб, унинг тарихда бўлгани каби бугун ҳам дунё аҳлини ўзининг шонли тарихи, такрорланмас маданияти ва бебаҳо мероси билан ҳайратга солаётганига гувоҳ бўлдим. Кўргазма асрлар давомида бир-бирига яқинлик туйган икки халқнинг ўтмишдаги алоқаларини XXI асрда янги босқичга олиб чиқишига умид қиламан.

Арминий Вамбери сафари давомида ўзи билан олиб юрган муқаддас Қуръони Карим, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб шеърларнинг саёҳатчи томонидан венгр тилига таржималари ҳам кўргазмада тақдим этилди. Бу ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазма Венгриянинг қатор шаҳарларида давом эттирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net