Варахша археология объектидан 100 дан ортиқ металл буюмлар топилди

24.08.2020 11:06

БУХОРО, 24 август. /«Дунё» АА/. Варахша археология объектидан топилган 100 дан ортиқ металл буюмлар маданий мерос лабораториясида концервация қилиняпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Бухоро вилояти Маданий мерос департаменти манбасига асосланиб.

Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги Варахша мавзесидаги археологик маданий мерос объектида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Миллий археология маркази ҳамда Бухоро вилояти Маданий мерос департаменти томонидан тадқиқотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Сўнгги ўн йилда бундай изланишлар асосан воҳани қадимда ўраб олган Кампир девор қолдиқларида ва унинг ташқарисида жойлашган ўнлаб кичик антик даврга оид ёдгорликларда олиб борилди.

Ҳозирги кунда воҳанинг Варахша мавзеси қадимда Зарафшон сувлари билан ўзлаштирилган, лекин кейинчалик қумлар босиб, чўл ҳудудига айланган ёдгорликларда Ўзбекистон ва Америкалик (Нью-Йорк университети) археологлари изланишлар олиб боряпти. Натижада, XI-XII асрларга оид мис, бронза, кумуш ва қўрғошиндан ясалган 100 дан ортиқ металл буюмлар топилди. Мазкур топилмалар айни пайтда Бухоро вилояти Маданий мерос департаменти мутахассислари ҳамкорлигида бошқарманинг таъмирлаш лабораториясида замонавий ускуналар ёрдамида занг (коррозия) қатламларидан тозаланмоқда.

Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси вилоятдаги 287 та археология объектларида ҳам археологик тадқиқотларни олиб боришда ўз ҳиссасини қўшмоқда. Масалан Қоракўл туманида жойлашган Пойкент ёдгорлигида ёки Бухоро шаҳри қадимги Шаҳристонидан топилган ўнлаб артефактлар таъмирланиб музей қўриқхонасига топширилган. Айрим топилган буюмлар консервация қилиниб, унинг тарихий маълумотлари аниқлангандан сўнг музейга топшириш жараёнига тайёрланмоқда.

Бухоро ўзининг бир неча минг йиллик тарихини ҳали ҳануз тўлиқ очиб берганича йўқ. Шундай экан тарих кўзгусини янада шаффофлаштириш ва тўлиқроқ ўрганиш мақсадида ҳар йили қадимий археологик объектларда халқаро экспедициялар билан ҳамкорликда илмий тадқиқот ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net