Ўзбекистон-Хитой дипломатик алоқаларининг 30 йиллигига бағишланган онлайн гала-концерт ўтказиш имкониятлари ўрганилмоқда

27.12.2021 09:59

ТОШКЕНТ, 27 декабрь. /«Дунё» АА/. «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Чи Жунлин билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон маданият вазирлиги маълумотига кўра, учрашув давомида   маданият ва санъат соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Хитой вакиллари Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида миллий қўшиқчилик ва эстрада  санъатини ривожлантириш, ёш ижрочиларни тарбиялаш, турли халқаро фестивалларни ўтказиш бўйича амалга ошрилаётган ишлар билан таништирилди.

Маслаҳатчи Чи Жунлин Хитой ва Ўзбекистоннинг маданий алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, бунинг натижасида ҳар икки мамлакат санъат вакиллари иштирокида турли маданий тадбирлар ўтказиб келинаётганини таъкидлади. Маслаҳатчи мазкур ҳамкорликни янада кучайтириш, уни янгича шаклларда давом эттириш юзасидан қатор таклифларини билдирди.  Жумладан, у  2022 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон-Хитой дипломатик алоқаларининг 30 йиллигига бағишланган онлайн гала-концерт ўтказиш таклифини маълум қилди.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари Фаррух Юнусов Хитой томонининг ушбу таклифи дўстлик алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва икки томонлама маданий ҳамкорликни ривожлантириш борасида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Бўлиб ўтган суҳбат натижасида 2022 йилда мусиқа ва қўшиқчилик йўналишларини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий семинарлар ўтказиш, икки халқ ижодиётига оид тақдимотлар уюштириш, икки мамлакат санъаткорлари иштирокида концерт дастурлари ташкил этиш каби қатор масалаларда  келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net