Ўзбекистон ва Швейцария маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни фаоллаштиради

27.02.2020 11:58

ТОШКЕНТ, 27 февраль. /«Дунё» АА/. Бу ҳақда Германиянинг «Usbekistan Online», ахборот порталида эълон қилинган мақолада айтилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақола Термиз педагогика университетида Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўтказилган ўқув семинарига бағишланган.

Тадбирнинг мақсади Ўзбекистон ва Швейцария халқларининг замонавий ривожланиши, маданияти ва урф-одатлари билан танишишга қаратилган. Шу билан бирга, Швейцариянинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхонаси вакили мақолада Ўзбекистонда кенг нишонланадиган Наврўз байрами тўғрисида маълумотлар келтиради.

Наврўз айёмининг ҳаётий ва инсонпарварлик ғояларига алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича, «Наврўз – хафагарчиликларга ўрин қолдирмаслик, гина сақламасликка даъват, кечиришга ва ҳар қандай вазиятда ёруғ кунлар ҳамда келажакка умид билан яшашга чорлайди. Наврўз маънавий-ахлоқий тозалик байрами, унинг шиори – ҳар ким ҳар куни яхшилик қилиши керак» деб қайд этилади материалда.

Шунингдек, мақолада ўқув семинар доирасида ўзбекистонлик талабалар Швейцариянинг замонавий ривожланиши ва маданияти, дизайн соҳасидаги сўнгги янгиликлар билан таништирилгани қайд этилади. Замонавий Ўзбекистонда юқори малакали мутахассисларни тарбиялашга ва ёшларнинг билим олишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланади.

Швейцария дипломатик ваколатхонаси вакили сафар давомида Термизнинг ноёб тарихий обидалари билан танишиш имконига эга бўлганини маълум қилади. Хусусан, Султон Саодат ёдгорлик мажмуаси, Кўкилдор ота мақбараси, Қирқ-қиз саройи, Эски Термиз қалъаси, Ҳаким Термизий мақбараси ва чет эллик сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган диққатга сазовор жойлар меҳмонда катта таассурот қолдирган.

«Умуман олганда, тадбир очиқ мулоқот тарзида ўтиб, ўзаро фикр алмашиш имконини берди. Томонлар алоқаларни мустаҳкамлаш, келгусида яқин ҳамкорлик ва янги қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди» дейилади немис порталида.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net