Ўзбекистон Ҳиндистонда йирик халқаро ҳунармандчилик фестивалида ҳамкор мамлакат мақомида иштирок этмоқда

03.02.2020 14:39

ДЕҲЛ?, 3 февраль. /«Дунё» АА/.  Харьяна штатининг Фаридобод шаҳрида Ўзбекистон ҳамкор мамлакат мақомида иштирок этаётган «Surajkund Mela» халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Маросимда Ҳиндистон Президенти Рам Натҳ Ковинд, Харьяна ва Ҳимачал-Прадеш штатлари бош вазирлари, дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда 40 мамлакат делегациялари иштирок этди.

Тадбир очилиши фестивалнинг асосий кўчаси бўйлаб тантанали юриш билан бошланиб, унда Ҳиндистоннинг турли ҳудудлари ва иштирокчи мамлакатлардан келган мусиқачилар ва фольклор ансамбллар ўз санъатини намоён қилди. Улар орасида Самарқанд, Хоразм ва Бухоро рақс  жамоалари ҳам бор эди.

Ҳиндистон Президенти Рам Натҳ Ковинд фестиваль қатнашчилари ҳузурида сўзга чиқди, ва, жумладан, «Surajkund Mela» фестивали Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъанавий санъати билан янада яқинроқ танишиш учун яхши имконият тақдим этганини таъкидлади.

"Ҳиндистон ва Ўзбекистон сермаҳсул маданий ва дипломатик алоқаларга эга. Мамлакатларимиз чегарадош бўлмаса-да, кўнгилларимиз бир-бирига жуда яқин. Маданият ва санъат соҳасидаги яқин ҳамкорлик одамларни бирлаштиради, дўстлик туйғуларини мустаҳкамлайди", - деди ҳинд сиёсатчиси.

Ҳиндистон Президенти Ўзбекистон павильонида бўлиб, мамлакатимиз ҳунармандчилик ва амалий санъати экспозицияси билан танишди, ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Твиттеридаги саҳифасида фестивалдан олинган фотосуратларни жойлаштириб, Ўзбекистонни йирик ҳунармандчилик фестивалидаги иштироки билан олқишлади. "Бугун Ҳиндистон Президенти Рам Натҳ Ковинд томонидан очилган «Surajkund Mela» фестивалида Ўзбекистонни ҳамкор мамлакат сифатида қабул қилганимиздан бахтиёрмиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Ҳиндистон ва Ўзбекистонни бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган ташаббуслари учун самимий миннатдорчилик изҳор қиламан", - деб ёзган Ҳиндистон ҳукумати раҳбари.

- 2019 йил сентябрь ойида Қўқон халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиб, Ўзбекистон Президентининг ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга қаратилган катта эътиборига гувоҳ бўлдик, - дейди Харьяна штати туризм вазирининг ўринбосари Вижай Вардхан. - Бу эса Осиёда энг йирик фестиваль ҳисобланадиган «Surajkund Mela-2020»га Ўзбекистонни ҳамкор мамлакат сифатида таклиф қилишимизга сабаб бўлди.

Очилиш маросимида Ҳиндистоннинг қатор юқори мартабали расмийлари ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг ҳамкор мамлакат сифатидаги иштироки ва икки мамлакат ўртасида фаол ривожланиб бораётган маданий алоқаларнинг муҳимлигини қайд этди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарҳод Арзиев Ҳиндистон раҳбариятига Ўзбекистонни «Surajkund Mela» фестивалида иштирок этишга таклиф этгани ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди.

"Ўзбекистоннинг фестиваль ҳамкор давлати сифатида иштирок этиши рамзий маънога эга, чунки ўтган йили мамлакатимиз Қўқонда халқ амалий санъати халқаро фестивалини дунёга тақдим этди. Ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш воситасида маданий ҳамкорлик учун янги кўприклар яратамиз, ёш авлоднинг бу йўналишдаги интилишларига ёрдам берамиз ва халқларимиз бетакрор мероси намуналарини намойиш этамиз", - деди дипмиссия раҳбари.

Ўзбекистон делегацияси таркибига "Ҳунарманд" уюшмаси вакиллари, амалий санъат усталари, юртимизнинг барча ҳудудларидан келган дизайнер ва заргарлар, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмдан келган мусиқачилар, халқ ансамбллари ва ошпазлардан иборат 100 га яқин киши киритилган.

Фестивалнинг биринчи куни тадбирларида 100 мингдан ортиқ меҳмон қатнашди. Унинг павильонлари 40 мамлакат, Ҳиндистоннинг барча штатлари ҳамда тарихий, маданий ва сайёҳлик ҳудудларини ифодалаган. Анжуман 16 февралгача давом этади. Унга 1,5 миллион киши ташриф буюриши кутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net