Ўзбекистон экспертлари Метрополитен музейи тажрибасини ўрганмоқда

13.02.2020 14:48

ВАШ?НГТОН, 13 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ҳамда Маданий мерос объектлари ва бадиий буюмларни тиклаш илмий-тадқиқот маркази делегацияси АҚШда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташрифдан кўзланган мақсад музей экспонатлари реставрацияси бўйича замонавий тажрибани ўрганиш, замонавий сақлаш усуллари, жиҳозларидан фойдаланиш, қайта тиклаш соҳасида ҳамкорликни ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасининг маълум қилишича, Ўзбекистон вакиллари Метрополитен музейи раҳбарияти билан ва Нью-Йорк Санъат университетида учрашувлар  ўтказди.

Музокаралар чоғида томонлар ўртасида кенг кўламли масалалар бўйича ҳамкорлик истиқболлари, шу жумладан Метрополитенда Ўзбекистон санъат объектлари кўргазмасини ташкил этиш, сақлаш соҳасида Aмериканинг илғор тажрибасини ўрганиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, маданий объектларни тиклаш бўйича илмий-тадқиқот марказини ташкил этишга келишилди.

Метрополитен санъат музейи директорининг кўргазмалар бўйича ўринбосари Куинси Хоутон мамлакатимиз раҳбарияти томонидан тарихий ва маданий меросни асраб-авайлашга қаратилаётган юксак эътиборни юқори баҳолади. Яқин келажакда Америкада Ўзбекистон санъат асарлари кўргазмасини ташкил этиш масаласи ўрганилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси Метрополитеннинг барча бўлимлар фаолияти билан яқиндан танишди. Aмерика Қўшма Штатларидаги энг йирик ва машҳур музей экспонатларини сақлаш ишларининг барча жиҳатлари меҳмонлар томонидан ўрганилди.

 Учрашув якунларига кўра музейнинг санъат буюмлари реставрацияси хизмати раҳбари билан ўзбекистонлик мутахассислар ва Метрополитен мутахассислари ўртасида доимий алоқани ўрнатиш, музейшунос олимларни Ўзбекистонга юбориш, Aмерикада мутахассисларимиз учун тажриба алмашиш курсларини ташкил этиш ва соҳада истиқболли кадрлар тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон санъат ва маданият вакилларидан иборат делегациясининг АҚШга ташрифи давом этмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net