Туркий Кенгаш бош котибининг ўринбосари: Бугун бутун дунё Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва тизимли ўзгаришлар ортга қайтмаслигига амин бўлмо

16.12.2020 11:14

АНҚАРА, 16 декабрь. / «Дунё» АА /. Туркий Кенгаш делегацияси кеча  Тошкентда бошланган «Ўзбекистоннинг маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори» IV халқаро конгрессида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан ташкил этилган тадбирда 300 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий олим ва мутахассислар, давлат, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда.

Халқаро конгресснинг очилиш маросимида Туркий Кенгаш бош котибининг ўринбосари Омер Коджаман сўзга чиқиб, Кенгаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнини катта қизиқиш билан кузатаётгани, мамлакат раҳбарияти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Ўзбекистонда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, қонун устуворлиги, ижтимоий адолат ва инновацион ривожланишни таъминлаш, шунингдек, минтақада тинчликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича прагматик сиёсат олиб борилаётганини қайд этди.

— Бугун бутун дунё Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва тизимли ўзгаришлар ортга қайтмаслигига амин бўлмоқда, — деди у. — Минтақавий мулоқотнинг ўзгарган муҳити, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик мазмуни Ўзбекистоннинг янги қиёфасини ифода этмоқда.

Конгресс иштирокчиларига Туркий Кенгаш ва унинг таркибидаги ташкилотларнинг маданият, туризм, таълим ва ёшлар соҳасидаги жорий фаолияти, шунингдек, туркий тилли халқларнинг бой маданий мероси ва қадриятларини сақлаш ҳамда тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.

Таниқли олимлар ва мутахассислар ўз маърузаларида аниқ мисоллар асосида мамлакатимиз маданий меросининг аҳамияти ҳақида фикр алмашди, ўзбек заминида етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net