Тошкентда ўзбек халқ достонларини сақлаш ва оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди

23.12.2021 09:51

ТОШКЕНТ, 23 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида “Ўзбек халқ достонлари ижроси” мавзусида илмий анжуман ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Анжуманда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси вакиллари, мазкур соҳанинг етакчи мутахассислари, фольклор ва халқ достонлари соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчилар ҳамда халқ оғзаки ижодига қизиққан мактаб ўқувчилари қатнашди.

Тадбир доирасида “Алпомиш” халқ достонининг турли муқобиллари ва “Бахши тўплами” аудио альбомларини ўзида жамлаган китоб тақдимоти ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 16 декабрь куни «Бахшичилик санъати» ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданияти мероси рўйхатига киритилган эди. Бу эса, мамлакатимизда ўзбек халқ оғзаки идожининг ёрқин йўналиши бўлган бахшичилик санъатини сақлаб қолишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда эътироф этилганининг тасдиғидир.

Мутахассисларнинг фикрича, “Алпомиш” ўзбек халқ достонининг қирқдан ортиқ муқобили мавжуд бўлиб, у Қорақалпоғистон, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё бахшичилик мактабларида ижро услубларининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради.

Тадқиқотчи Ўктам Ҳакимов ўз ижодий экспедициялари давомида 18 та бахшичилик достонининг ижодий туркумларини тўплаб, нашрга тайёрлади. Китобда достонлар ижросининг ўзига хослиги, жонли мусиқа, овоз ва устоз-шогирд анъаналарига алоҳида эътибор берилган.

Ўзбекистон халқ шоири Абдуназар Поёновнинг таъкидлашича, китоб матнининг ўзи жонли мусиқа ва сўзлар уйғунлигида жонли қўшиққа айланиб, одамлар руҳияти ва қалбига ижобий таъсир кўрсатади. Шу маънода, “Бахши тўплами” аудио альбоми халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказишнинг энг мақбул ва самарали йўлларидан биридир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net