Тошкентда «Буюк ипак йўли дурдонаси» халқаро кинофестивали бўлиб ўтмоқда

29.09.2021 17:21

ТОШКЕНТ, 29 сентябрь. /«Дунё» АА/. Кеча пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли кино саройида тантанали очилган “Буюк ипак йўли дурдонаси” халқаро кинофестивали давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда дунёнинг қарийб 50 мамлакатидан 300 дан ортиқ санъат усталари, жаҳон кино юлдузлари иштирок этмоқда. Фестивалга фахрий меҳмон сифатида Никита Михалков, Тимур Бекмамбетов, Павел Прилучний, Люк Бессон, Митхун Чакраборти, Стивен Сигал ва бошқа таниқли кино усталари таклиф этилган.

Фестиваль доирасида дунёнинг 14 мамлакатининг кино кунлари бўлиб ўтади. Улар ўз фильмларини республиканинг барча ҳудудларида намойиш этади. Ҳозирги вақтда дастурда иштирок этиш учун юздан ортиқ фильм танлаб олинган. Уларнинг кўпчилиги ўзбек тилидаги субтитрлар билан намойиш этилади. Эътиборли жиҳати шундаки, фильмлар намойиши учун республикада фаолият кўрсатаётган барча кинотеатрлар жалб этилган.

«Буюк ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали 3 октябргача давом этади. Тадбир доирасида бутун мамлакат бўйлаб ижодий учрашувлар, маърузалар, маҳорат дарслари, Бутунроссия давлат кинематография институти филиали ва олтита кинотеатр очилиши, ҳужжатли фильмлар намойиши ва ёш киноижодкорлар танлови бўлиб ўтади.

Ватандошларимиз кўплаб миллий фильмларнинг премьераларини кўриши мумкин. Улар орасида Акром Шаҳназаровнинг «101 рейс» саргузашт-драмаси, Рашид Маликовнинг «Тутқунлик», Али Ҳамроевнинг «Самарқандда қовун таровати» каби фильмлари ва бошқалар бор.

Кинофестивалнинг ўтказилиши соҳанинг ёш мутахассислари, режиссёрликни бошлаётган, актёр ва операторларга жаҳон кино усталари ижоди билан яқиндан танишиш ва ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради.

Қайд этиш лозимки, тарихда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали номи билан машҳур бўлган Тошкент халқаро кинофестивали анъанавий равишда 1968 йилдан 1997 йилгача Ўзбекистон пойтахтида ўтказилган.

«Буюк ипак йўли дурдонаси» кинофестивали 2021 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қайта тикланди ва ҳар йили ўтказилиши белгиланди. Кинофестивал ташкилотчиси - Ўзбекистон кинематография агентлиги.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net