Темурийлар даври маданияти рассомлар ижодида

13.04.2022 15:08

ТОШКЕНТ, 13 апрель. /«Дунё» АА/. Пойтахтимизда «Темурийлар даври маданияти рассомлар ижодида» номли кўргазма бўлиб ўтмоқда, деб хабар бераяпти «Дунё» АА мухбири.

Фанлар Академиясининг Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу кўргазмада ёш миниатюрачи рассомларнинг ижод намуналари ўрин олган.
Бу асарлар Темурийлар даврида иқтисодиёт, илм-фан, санъат-маданият равнақини ўзида акс эттириш билан бир қаторда, томошабинларда мумтоз миниатюра тарихи ҳамда тасвирий санъатга бўлган қизиқишни ҳам шакллантиради.

Миниатюра санъати анъаналари усул ва услубларини сақлаб қолган ҳолда ҳозирги замон ижодкорлари томонидан яратилган асарларда ифодаланган тасвирлар, ўша даврнинг тарихий воқеалари, маданий ҳаёти ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил бўлишига замин яратади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Темурийлар даври давлатчилиги ҳамда маънавияти ўз салоҳияти, мазмуни, тарбиявий кучи, таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутади.

Ушбу даврда иқтисодиёт ривожлангани, илм-фан, санъат-маданият гуллаб-яшнагани боис чинакамига инсоният тамаддунидаги ?ккинчи ренессанс  даври деб баҳоланади.

 Хусусан, Темурийлар даври тасвирий санъати деворий монументал рассомлик, деворий суратлар ва миниатюраларда ўз аксини топди. Айниқса, миниатюра санъатининг ривожланиши ва миниатюраларда Темурийлар даври маданиятининг акс эттирилиши катта аҳамиятга эгадир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net