«Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари» каталогининг тақдимоти ўтказилди

28.12.2021 12:59

ТОШКЕНТ, 28 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари» каталогининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, тадбирда агентлик директори Асаджон Ходжаев, Татаристоннинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Айдар Ахтареев, Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Азиз Саид, таниқли адабиётшунослар, китобхонлар ва бошқалар  иштирок этди.  

Ушбу каталогда буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг  Татаристон миллий архиви ҳамда кутубхонасида сақланаётган 10 дан ортиқ ноёб қўлёзмаси жамланган. Каталог Татаристон Миллий кутубхонаси, Татаристон Федерал университетининг Н.Лобачевский номидаги Қозон (Волгабўйи)  илмий кутубхонаси, Татаристон Давлат архиви мутахассислари томонидан тузилган.

Тўплам Алишер Навоий ижодини Россияда кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди. 

-Бутун умри давомида халққа хизмат қилган ва боқий асарлар яратган буюк мутафаккир издоши эканимиздан фахрланамиз,- деди АОКА директори Асаджон Ходжаев.  - Унинг бебаҳо ижоди нафақат ўзбек, балки бутун дунё адабиёти ривожига муҳим ҳисса қўшган. Унинг асарлари Ғарбда муносиб қадрланган ва кўплаб тилларга таржима қилинган. 

 Тадбир иштирокчилари «Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари» каталоги муҳим манба бўлишини  таъкидлади.  Шунингдек, Алишер Навоий асарларини чуқур ўрганиш, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, буюк мутафаккирнинг ўлмас ижодини келажак авлодга тўла-тўкис етказиш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net