Қозоғистонлик ёшлар «Сайхун» фестивалида иштирок этиш учун юртимизга келди

24.12.2021 12:32

ТОШКЕНТ, 24-декабрь. /«Дунё» АА/. Қозоғистон фаол ёшларидан иборат делегация Сирдарё вилоятида ўтказилаётган «Сайхун» ёшлар фестивалида иштирок этиш учун юртимизга келди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, вилоятдаги миллий-маданий марказлар вакиллари, ёшлар иштирокида Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк» чегара постида бир гуруҳ қозоғистонлик ёшлар делегация тантанали кутиб олинди.

Фестиваль доирасида кўпмиллатли, бағрикенг халқимиз ёшлари аҳил-иноқлигини намойиш этиш билан бир қаторда қўшни давлатлар ёшлари билан дўст ва ҳамфикр эканини кўрсатмоқда.

«Сайхун» ёшлар фестивали доирасида ўтказилаётган «Дўстлик» форуми меҳмонлари – қозоғистонлик ёшлар Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрига борди.

Форум иштирокчилари ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйди. Вилоят мусиқали драма театри фойесида ўзбек ва қозоқ халқлари тарихи ва қадриятларига бағишланган тақдимот ўтказилди. «Дўстлик кўприги» шиори остида ташкиллаштирилган концерт дастури намойиш этилди.

Сўнг қозоғистонлик меҳмонлар вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев билан учрашди.

Учрашув давомида Сирдарё заминида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик, қўшни давлатлар билан барча соҳаларда алоқаларни кучайтириш борасидаги ишлар, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари хусусида сўз борди.

Шундан сўнг истеъдодли ёш ижодкорлар икки миллат ижодидан мушоира уюштириб, бахшичиликда беллашди.

– Бугунги форумдан катта таассурот олдик, – дейди Ерасил Толебаев. –Дўстлигимизни янада мустаҳкамлаб, икки давлатнинг ўзаро дўстлик ва ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда биз, қозоғистонлик ёшлар ҳам муносиб ҳиссамизни қўшамиз. Сизлар бошлаб берган «Дўстлик» форуми халқларимиз ўртасида ҳақиқий дўстлик кўприги бўлиб хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net