Озарбайжон – Ўзбекистон: халқ чолғу асбоблари ижрочилари кўрик танлови

26.08.2020 15:26

ТОШКEНТ, 26 август. /«Дунё» АА/. Жорий йил 10-18 сентябрь кунлари Озарбайжон ва Ўзбекистон миллий торли мусиқа чолғу асбоблари ижрочиларининг Халқаро онлайн кўрик танлови бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси доирасида, шунингдек, икки мамлакат миллий консерваториялари кўмагида ташкил этилади. Танловда икки мамлакат миллий консерваториялари, шунингдек, ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестри иштирок этади.

Танловдан кўзланган асосий мақсад миллий чолғу асбобларини оммалаштириш, ёш мусиқачиларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, ёш истеъдодли ижрочиларни кашф этиш, халқ миллий мусиқасини оммалаштиришдан иборатдир.

Озарбайжон “Trend life” ахборот агентлигининг мамлакат Маданият вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беришича, кўрик-танлов онлайн шаклда қашқар рубоби, ғижжак (камони билан) ва уд каби мусиқа асбобларини ижро этиш номинациялари бўйича ўтказилади.

Ҳар бир иштирокчи торли чолғу асбобда миллий мусиқани ижро этади. Умуман олганда иштирокчилар ўз мамлакатидан ташқари бошқа бир мамлакат мусиқа асарларини ҳам ижро этишлари мумкин. Маданий тадбир якунида ғолиблар мамлакатимиздаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг фахрий ёрлиқлари ва пул мукофотлари билан тақдирланади.

Танлов иштирокчиларининг чиқишлари беш кишидан иборат иккала мамлакатнинг таниқли санъаткорларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилади.

Танловда концерт ташкилотлари, театр, радио ва телевидение муассасаларида ишлайдиган ижрочилар, шунингдек, олий ва ўрта махсус мусиқа мактаблари талабалари иштирок этишлари мумкин. ?штирокчиларнинг ёши 16 дан 35 ёшгача бўлиши керак.

Онлайн танлов 2020 йил 18 сентябрда якунига етади. Айнан ўша куни ғолиблар иштирокида масофавий гала-концерт бўлиб ўтади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net