Онлайн “Лазги” рақслари орқали Хоразмнинг туризм салоҳияти тарғиб қилинмоқда

07.07.2020 14:44

ТОШКЕНТ, 7 июль. /«Дунё» АА/. Хоразм лазгиси ўтган йили ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий-маданий мероси рўйхатига киритилди. Бугунги кунда ушбу рақс турига бўлган қизиқиш дунёда ортиб бормоқда.

Асрлар оша сайқал топиб келаётган “Лазги” халқимизнинг бебаҳо маданий мулки. Қарийб 300 йиллик тарихга эга рақс жозибаси бугунги кунда ҳам дунё аҳлини ўзига оҳанрабодек тортмоқда.

Буни Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти томонидан ташкил қилинаётган “Лазги” рақси машғулотларида иштирок этиш истагида бўлган хорижликлар сафи кенгайиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин.

Айни пайтда мамлакатимиз малакали рақс усталари пандемия шароитида чет эл фуқаролари ихлосмандлари учун машғулотларни онлайн тарзда ўтказяпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Ўзбекистон вақти билан ҳафтанинг ҳар шанба куни соат 21:20 да Америка қитъаси вакиллари учун “Лазги” рақси маҳорат дарслари йўлга қўйилган. Лойиҳада Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилноза Ортиқова ва Отабек Рўзиметовлар “Zoom” платформаси орқали ушбу рақс санъати сир-асрорларини ўргатмоқда.

Ҳозирги кунда 49 та давлатдан 80 дан ортиқ иштирокчи Хоразм “Лазги” рақси бўйича кўникмаларга эга бўлди.

Қайд этиш жоиз, ўзбек халқининг ўлмас маданий мероси ҳисобланган “Лазги” рақси онлайн дарслари орқали мамлакатимиз, хусусан, Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини ҳам кенг тарғиб қилиш имкони туғилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net