Нур-Султонда Алишер Навоий ижодига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди

09.02.2020 15:34

НУР-СУЛТОН, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижодига бағишланган “Навоий  - Шарқ юлдузи” мавзуида адабий кеча уюштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Қозоғистоннинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари, парламент Мажилиси ва дипломатик корпус вакиллари, навоийшунос олимлар, ушбу мамлакат университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, икки давлат адабиёт, маданият ва санъат намояндалари, Нур-Султон шаҳридаги Ўзбек этно-миллий маданият маркази ходимлари, журналистлар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва “Номад” рақс гуруҳи иштирокчилари қатнашди.

Навоийшунос олим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор У.Жўракулов Алишер Навоийнинг буюк ижодий мероси, давлат арбоби сифатидаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди.  

Қозоғистон Республикаси парламенти Мажилиси депутати Ф.Каратаев А.Навоийнинг ижоди нафақат ўзбек тили, балки бошқа туркий тиллар, жумладан, қозоқ тилининг шаклланиши ва ривожланишига таъсир кўрсатганини қайд этди. Абай, Ш.Валихонов, М.Ауэзов ва бошқа таниқли қозоқ шоир ва ёзувчилари Навоийни ўз устози, деб билган.

У бундай адабий кечалар қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши ҳамда томонларнинг минтақани янада ривожлантириш йўлидаги стратегик шериклик алоқаларини кенгайтириш тарафдори эканини намоён этишини таъкидлади.

Таниқли қозоқ шоири ва ёзувчиси, буюк бобокалонимиз асарларининг қозоқ тилига таржимони Н.Айтули Алишер Навоий жаҳон миқёсидаги мумтоз адиб эканини эътироф этди. Қозоғистонликлар мумтоз ўзбек адабиётининг буюк вакилини қадрлашади ва унинг ижоди билан яқиндан танишдирлар. Унинг фикрича, Навоийнинг асарлари инсонпарварлик ғоялари ва чуқур фалсафий тафаккур билан тўлдирилганлиги боис катта ададларда чоп этилиши даркор.

Н.Айтулининг таъкидлашича, у А.Навоийнинг қатор асарларини қозоқ тилига таржима қилган. Хусусан, унинг сўнгги таржимаси - “Хамса” асарига муқаддима К.Токаев томонидан битилган. Адабиётшунос, шунингдек, ўзбеклар ва қозоқлар бир-бирига жуда яқин халқ эканига эътибор қаратиб, Навоийининг ижоди қозоқлар учун ҳам бир хил даражада қадрли эканини қайд этди. 

Қозоғистон халқлари ассамблеяси раисининг ўринбосари, Ўзбек этно-миллий маданият маркази раҳбари Ш.Пўлатов Нур-Султонда А.Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуманларни ўтказиш яхши анъанага айланганини айтди. Бугун ушбу ташаббус қўллаб-қувватланмоқда ва Қозоғистоннинг қатор шаҳарларига кенг тарқалди.

Адабий кеча доирасида бадиий жамоалар иштирокида Алишер Навоий шеърларига ёзилган ашулалар ва миллий рақслар ижро этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net